92 минг нафар ўқувчини жамлаган саҳна

11:56 08 Апрель 2026 Жамият
169 0

«Турон» мактаб театри студиялари ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларда нутқ маданияти ва саҳна маҳоратини шакллантириш ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур санъат масканлари ёш авлодни маънан бойитиш билан бирга, жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам ривожлантирмоқда. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Андижон вилояти мусиқали драма театрида танловнинг вилоят босқичи кўтаринки руҳда ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида сараланган энг иқтидорли 16 та жамоа иккита шарт бўйича ўз маҳоратини намойиш этиб, республика босқичи йўлланмаси учун баҳс олиб бордилар.

— Бугунги танлов ёшларнинг санъатга бўлган иштиёқи нақадар баланд эканини кўрсатди, — дейди ёзувчи Воситхон Аҳмадхонов. — Мактаб театрлари нафақат истеъдодларни кашф этмоқда, балки ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам хизмат қиляпти. Саҳнада намойиш этилган ҳар бир чиқишда тарихий сиймоларимизга бўлган эҳтиром ва замонавий ижод намуналари уйғунлашган. Жамоаларнинг тайёргарлиги ва образларни маҳорат билан ижро этгани бизни чин дилдан қувонтирди, ғолибларни аниқлашда ҳақиқий ижодий рақобатга гувоҳ бўлдик.

Танловнинг вилоят босқичи кенг кўламда ўтди ва унда жами 11 минг 503 та театр жамоаси таркибида 92 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этиб, ўз иқтидорини намойиш этди. Якуний натижаларга кўра, Бўстон туманининг «Андижон» жамоаси 1-ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўл олди. Шунингдек, Андижон туманининг «Ойдинбулоқ» жамоаси 2-ўринга, Балиқчи туманининг «Аждодларим мероси» жамоаси эса 3-ўринга муносиб деб топилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер