70 ёшли кўнгилли тозалик санитари
Фото: “Халқ сўзи”
Ўқишдан, ишдан ташқари пайтларда севган юмушимиз билан банд бўлиш руҳиятимизни тинчлантиради, ҳаётга бўлган завқимизни оширади. Бунинг учун кимдир қушлар парвариши билан шуғулланса, яна кимдир деҳқончилик сирларини ўрганади. Автомашинага қизиқувчилар, коллекция йиғувчилар ҳам бор... Хуллас, ҳамманинг ўз “хобби”си бўлади. Андижон шаҳридаги “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 70 ёшли Одилжон ота Юсупов ҳам мана 10 йилдирки, ўзи ёққан машғулот билан банд.
— Айтсам, ҳамма ҳайрон қолади,—дейди у биз билан суҳбатда. –Мен теварак-атрофни чиқиндилардан тозалашни яхши кўраман. Маҳалладаги маиший чиқиндиларни тозаласам, кўнглим ёришади. Авваллари, қўшниларимга “ахлат ташламанг, чиқиндини махсус жойга олиб боринг”, деб насиҳат қилаверардим. Бу гап ҳаммага ҳам ёқавермайди. Шундан кейин бундай юмушларни ўзим қиладиган бўлдим. Бу одатимни кўрган қўшниларим дуч келган жойга чиқинди ташламайдиган бўлишди. Ҳартугул саъй-ҳаракатим беҳуда кетмади.
Одилжон ота ҳафтада уч кун “Машъал” ва “Садоқат” кўчаларини айланади. Бу масофа баъзида 7 километрдан ҳам ошади. Йўлида дуч келган чиқиндини аравада махсус жойга ташийди. Тоза йўлни, покиза хонадонни кўриб, кўнгли равшан тортади. Амалга оширган бу иши учун бировдан на рағбат, на раҳмат умидвор.
— Аслини олганда, ўзи туғилиб ўсган тупроқни қадрлаш, унга содиқ бўлиш мана шу каби оддий амалларда акс этади,—дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходими Лочинбек Исомуддинов. –Одилжон отанинг атроф муҳитни тозалиги экологиянинг софлиги учун курашаётгани барчамиз учун ўрнак бўлиши керак. Ҳозирда бошқармамиз томонидан “Тозалик санитарлари” фаолиятини шакллантириш мақсадида кўнгиллилар жамоаларини ташкил этиб, ҳудудларни маиший чиқиндилардан тозалаш тадбирлари ташкил этиляпти.
Бу борада Одилжон ота Юсупов каби ибратли ҳамюртларимизга қанча ташаккур айтсак, кам.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг