5 та университет ва 1 та фарм жамоаси қўшилган янги лига
Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Ўзбекистон Про лигаси мусобақасининг янги мавсуми старт олади.
Ушбу мусобақа сўнгги 2 йилда ўз тароватини яхшигина йўқотганди. Буни мусобақада иштирок этган жамоалар сонидан ҳам билиш мумкин.
2024 йил мусобақада 8 та жамоа иштирок этди. Жамоалар 3 даврали тизимда жами 26 та турда иштирок этишди.
2025 йил эса мусобақа тарихида жамоалар сони камлиги бўйича энг паст натижа қайд этилган йил бўлди. Аниқроғи, ўтган йили Ўзбекистон Про лигасида атиги 6 та жамоа қатнашди. Мусобақалар 4 даврали тизимда жами 20 тур давом этди ва якунга кўра Тошкентнинг “Локомотив” клуби мусобақа ғолибига айланди.
Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси йил давомида Про лига даражасидаги жамоалар сонини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борди. Юқори лигага ҳаракат қилаётган клубларга футбол инфратузилмасини яхшилаш йўлида амалий ёрдамлар берилди. Натижада 2026 йилги мавсум олдидан Ўзбекистон Про лигасида иштирок этиш хоҳишини билдирган жамоалар сони 20 дан ошди. ПФЛ эса улардан 14 та энг сарасини 2026 йилги мавсумга саралаб олди.
Бу йил Ўзбекистон Про лигасида қайси жамоалар иштирок этишига назар ташлаймиз:
Ўтган йилги мавсум Суперлигада сўнгги ўринни эгаллаган, бой тарихга эга Қашқадарё вилоятининг “Шўртан” жамоаси;
Бир неча йиллардан бери Про лига мусобақасида иштирок этиб келаётган, турнирнинг энг тажрибали жамоаларидан бири Нукуснинг “Арал” жамоаси;
2024 йил фаолияти қисқа фурсатга тугатилган ва янги мавсум олдидан қайта тикланган Бекободнинг “Металлург” жамоаси;
2028 йилги Олимпиада ўйинлари учун лойиҳа сифатида ташкил этилган ва қарийб 4 йилдан бери фаолият юритиб келаётган Тошкентнинг “Олимпик Mobiuz” жамоаси;
Таркибида Ўзбекистон U-20 терма жамоаси аъзолари тўп сураётган Ўзбекистон футбол ассоциацияси шафелигидаги “Республика ФА” жамоаси;
Бир неча йил муқаддам Про лига ғолибига айланган “Турон” клубининг инфратузилмаси остида янги кўриниш ва янги ном билан ташкил этилган Фарғона вилоятининг “Яйпан” жамоаси;
“БухДУ”, “ТерДУ”, “ФарДУ”, “Лочин”, “ҚМУ Жайхун” каби давлат университетлари қошидаги жамоалар;
“Пахтакор” футбол клуби тарбияланувчиларидан иборат “Пахтакор” фарм жамоаси;
Ўтган мавсум Биринчи лигада жуда ишончли ўйин кўрсатган ва янги мавсум учун ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган Самарқанд вилоятининг “Каттақўрғон” жамоаси;
Ва ўзига хос услуб ва ўзига хос ғояга эга бўлган Тошкент шаҳрининг “Ғазалкент” жамоаси.
Энди мусобақа форматига тўхталиб ўтсак. Бу йилги Про лига 2 даврали тизимда жами 26 та тур давом этади. Мусобақада ғолиб бўлган жамоа Ўзбекистон Суперлигасига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Про лига турнир жадвалида 2, 3, 4 ва 5-ўринларни қўлга киритган жамоалар ўзаро плей-оффда иштирок этишади ва ғолиб бўлган жамоа Суперлига вакили билан ўтиш ўйинида иштирок этади.
Бу йил Про лигада иштирок этадиган жамоаларда яхши савияли футболчилар билан бир қаторда тажрибали мураббийлар ҳам кўриниш бермоқда. Жумладан:
“Арал” — Неъматулло Қутибоев;
“Каттақўрғон” — Ёрқин Назаров;
“Лочин” — Элдор Мойлиев;
“Металлург” — Илҳом Мўминжонов;
“Олимпик-Mobiuz” — Фарҳод Нишонов;
“Республика ФА” — Жамолиддин Раҳматуллаев;
“Ғазалкент” — Зайниддин Тожиев;
“Шўртан” — Асрор Алиқулов.
Бугун ушбу турнинг дастлабки тур ўйинлари старт олади. 5 апрель куни мухлисларни қуйидаги ўйинлар кутиб турибди:
“Яйпан” — “Металлург” — 16:00
“Арал” — “Республика ФА” — 16:00
“Шўртан” — “Олимпик-Mobiuz” — 17:00
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг