24 йилдан буён тўшакка михланиб қолган шофирконлик аёл ҳамда унинг турмуш ўртоғи қандай қилиб ажралиш ёқасида турган 12 та ёш оиланинг кўзини очиб қўйди?
Тақдир экан, Шофирконнинг Дўстлик қишлоғида истиқомат қилувчи Муҳаббат Остонова оғир хасталик туфайли саломатлигини йўқотди.24 йилдирки, тўшакда.Аммо руҳан чўкмади.Ўз – ўзига “Фарзандларим, яқинларим учун яшашим керак”, деди.Яхши дамлар умиди билан кунларни ойларга, ойларни йилларга улади.Сабрга ва... жигаргўшаларига суянди.Яратганга шукр, деди.
Турмуш ўртоғи Ихтиёр ака уни ёлғизлатиб қўймади.Ширин сўзини, меҳрини аямади.Тақдирнинг аёвсиз зарбаларига елка тутиб берди.Қаноат қилди.Айрим “тили бурро” кимсаларнинг “Хотининг бир аҳволда бўлса, нима қиласан у билан яшаб.Ажрал.Бошқага уйлан” қабилидаги гап – сўзларига эътибор ҳам қилмади.”Турмуш ўртоғим соғ – саломатлигида менга уч нафар суқсурдай фарзанд туғиб берди.Саломатлигини йўқотиб қўйганида нега энди мен уни ўз ҳолига ташлаб қўйишим керак?”, дея жавоб берди.Иймонидан айрилмади.
Мабодо, матонат, садоқат, оилавий тотувлик, меҳру муҳаббатга ҳайкал қўйилгудек бўлса шу оддий ва аҳил қишлоқ оиласи унга андаза вазифасини ўташи мумкин эди, деган хаёлга борасан, киши.
-Қарангки, “Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ, деганлари бежиз эмас экан,-дейди Шофиркон тумани ҳокими ўринбосари, хотин – қизлар қўмитаси раиси Нигора Йўлдошева. - Муҳаббат опа билан Ихтиёр ака ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтиш эвазига бахтли турмуш кечиришяпти.Уч нафар фарзандлари бор.Бири – биридан ширин невараларини айтмайсизми?Уларни кўрганида Муҳаббат опа дардларини унутади.Баҳри дили очилиб, ўзини қўярга жой тополмай қолади.
Яқинда тумандаги “Зиё” ёшлар марказида вилоят ва туман ҳокимлиги, хотин – қизлар қўмитаси, “Оила” илмий – амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда “Ажримлар ечим эмас” мавзуида тадбир ўтказилди.Унга Муҳаббат опа билан Ихтиёр ака ҳам таклиф қилинди.
-Айримлар “Хотининг касал, бошқага уйлан”, дея менга маслаҳат беришади,- деди қийинчиликларни қандай енгишаётгани ҳақида сўзлаб бераркан Ихтиёр Остонов.- Мен шундайларга қарата “Эй, инсон, ҳар гапни ўйлаб гапир.Бу аёл менга уч фарзанд туғиб берди.Оиласидан, болаларимдан меҳрини аямади.Хасталаниб, қўл – оёғи ишламай қолганида уни ёлғизлатиб қўйиш марднинг иши эмас.Балки сен учун у касал ва ожиздир.Аммо мен учун бу аёл фаришта” дейман.
- Менга шундай ёстиқдошни учратганига Аллоҳга минг карра шукр айтаман,- деди ўз навбатида ногиронлик аравачасида келган Муҳаббат опа.- Барча ёш оилаларга қарата албатта садоқатли хотин, садоқатли эр бўлинглар, бир – бирларингни аянглар, дейман.
Бу сўзлар тўпланганлар қалбини ларзага келтирди.Энг муҳими, юракка тегадиган шу гап – сўзлар арзимас сабаблар туфайли ажралиш ёқасига келиб қолган 12 та ёш оиланинг кўзини мошдек очди.Улар ярашишди.Ўз навбатида хотин – қизлар қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бу оилаларни қийнаётган масалалар ечимига киришди.Чунки муаммонинг ечими ажримда эмас.
Бизга хабар қилишларича, жорий йилнинг ўтган даврида туманда турли сабаблар туфайли ажралиш фикрига келган 37 та оила ана шундай таъсирчан чоралар эвазига яраштирилди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг