21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидиние куни
Иллюстратив фото
Сўз эркинлиги дунё нигоҳида
XXI асрда телевидение глобаллашув ва оммавий коммуникациянинг ёрқин рамзига айланди. Ижтимоий ҳодиса сифатида давлатлар ва жамиятларнинг тараққиётида тутган ўрни беқиёс.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Бутунжаҳон телевидение кунига бағишланган “Барқарор тараққиёт мақсадида журналистика таълими” мавзуидаги II Марказий Осиё семинарида бу алоҳида таъкидланди. Тадбирда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Қозоғистон Республикасидаги Ахборот Бюроси, Марказий Осиёнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан вакиллар, журналистика соҳасининг етакчи мутахассислари, тадқиқотчилар, талабалар қатнашди.
Семинарда бугунги ўзбек журналистиканинг тараққиёти, хусусан, телевидениенинг ноёб оммавий ахборот ва оммавий коммуникация воситаси сифатида шаклланиб бораётгани, эфирга узатилаётган теледастурлар, турли тилларда олиб борилаётган кўрсатувлар кўлами, дунёнинг кўплаб мамлакатларида узатилаётган миллий телеканаллар ҳақида сўз борди.
Марказий Осиёда журналистика соҳасининг тараққиёти, журналистлар фаолиятидаги янгиланишлар, мутахассисларнинг тажриба алмашиши учун юртимиздаги энг нуфузли университетлардан бири танлангани бежиз эмас. Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон Миллий университети телевидение тарихидаги илк телетасвирга патент ватани ҳисобланади. Семинарда Қозоғистон, Қирғизистон, Қорақалпоғистон университетлари журналистика факультетларининг профессор ўқитувчи ва талабалари ўз маърузаларида бу жиҳатларга эътибор қаратди.
Тадбир сўнгида “Манқурт” талабалар фильми намойиш этилди. Марказий Осиё университетлари журналистика факультетлари Ассоциацияси Низоми тасдиқланди. Фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
А. УМИРОВА
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг