2023 йилда қурилиш чиқинди полигонларини қуриш учун қарийб 28 млрд сўм, тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш участкаларини қуриш учун 50 млрд сўм маблағ молиялаштирилади

22:25 06 Январь 2023 Жамият
935 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Табиат ресурслари вазирлиги масъул ходими Жамшид Ишчанов маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августдаги «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши натижасида Санитар тозалаш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар белгиланди.

Жумладан, Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси ҳамда Санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказлари санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган 10 фоиз миқдоридаги ажратмалардан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ–812-сон Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобот даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар учун 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида этиб белгиланди.

Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддатини 7 йилдан 10 йилга бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилиши юзасидан амалдаги давлат-хусусий шериклик битимларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Республикада «Экологик патруль» ишлаш тизими доирасида ички ишлар, миллий гвардия ва экология органлари ходимларидан иборат 90 та гуруҳлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августдаги «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниши натижасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

Ижтимоий соҳа муассасаларида ўрнатилиши лозим бўлган 9 526 та чиқинди контейнерларидан 8 686 таси ўрнатилди.

Республикадаги 239 та қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларининг 64 таси рекултивация қилинди, шундан 44 та полигон фаолияти тўхтатилди ва ҳокимият ер захирасига қайтариб топширилди.

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳудудида 15 гектар ер майдонида 2,8 млрд сўм бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш чиқинди полигони ташкил этилди.

Давлат экология қўмитасида санитар тозалаш корхоналарининг хизмат кўрсатиш сифатли амалга оширилишини онлайн назорат қилиш учун Ситуацион марказ фаолияти ишга туширилди.

Санитар тозалаш корхоналаридаги мавжуд 2 773 та техниканинг 2 310 тасига GPS онлайн кузатиш ускуналари ҳамда ноқонуний чиқинди тўпланиш ҳолатлари аниқланган жойларда 30 га яқин кузатув камералари ўрнатилди.

Қарор билан 2023-2025 йиллар учун тасдиқланган манзилли дастурларга асосан 29 та қаттиқ маиший чиқинди полигонларини рекултивация қилиш, 437 та чиқинди йиғиш шохобчаларини қуриш, 26 та қурилиш чиқинди полигонларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа объектларига 18 867 та чиқинди контейнерлари харид қилиш, 38 та қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини ташкил этиш, 60 та тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш участкаларини ташкил этиш ҳамда саралаш ускуналарини ўрнатиш учун жами 1,1 трлн сўм маблағларни молиялаштирилиши режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2023 йилда ушбу дастурларни амалга ошириш учун жами 170,0 млрд сўм, шу жумладан қурилиш чиқинди полигонларини қуриш учун 27,8 млрд. сўм ва қайта юклаш станцияларини ташкил этиш учун 92,2 млрд. сўм ҳамда тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш участкаларини қуриш учун 50,0 млрд сўм маблағлар молиялаштирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида 2022 йилда 43 та, жами 62 та ДХШ битимлари имзоланиши натижасида соҳада хусусий сектор улуши 52 фоизга етказилди.

Бугунги кунда мазкур давлат-хусусий шериклик лойиҳаларинг амалга оширилиши натижасида 6,8 млн тонна қаттиқ маиший чиқиндилар олиб чиқилиб, уларнинг 2,2 млн тоннаси ёки 32,4 фоизи қайта ишланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер