2007 йилга қадар вилоятдаги бирорта ҳам ички йўлда таъмирлаш ишлари бажарилмаган — Фарҳодбек Қаюмов

16:42 25 Январь 2024 Жамият
466 0

Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва жорий йилда бажарилиши зарур бўлган вазифалар билан таништирар экан, бошқарма бошлиғи Мирзоҳиджон Нурматовнинг ўтган йили 1629 километрдан зиёд йўлда таъмирлаш ишлари амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.

— Вилоятда автомобиль йўллари тармоғининг умумий масофаси 13346 километрни ташкил этади, — дейди бошқарма бошлиғи фикрини давом эттирар экан. — Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 155 та маҳалладаги 62,3 минг нафар аҳолига қулайлик яратилибгина қолмасдан, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига имконият яратилди.

Анжуман давомида маълум бўлишича, сўнгги йилларда вилоятда ички йўлларни таъмирлашга бўлган эътибор ҳар доимгидан ортган.

— 2007 йилга қадар вилоятдаги бирорта ҳам ички йўлда таъмирлаш ишлари бажарилмаган, — дейди бош муҳандис Фарҳодбек Қаюмов. — 2017 йилга қадар битта маҳаллада нари борса 5-6 километр йўлни таъмирлай олдик, холос. Бу борадаги ишлар кўлами 2023 йилда кескин ортди. Яъни, 1123 километр ички йўлни таъмирлаб, фойдаланишга топширдик. Асфальт ёки бетон қоплама етиб бормаган кўчанинг ўзи қолмади, ҳисоб.

Вилоятда 23 млрд. сўм маблағ ҳисобига 16 та кўприк мукаммал таъмирланди.

Бу каби жараёнлар жорий йилда ҳам давом этади. Жумладан, 1141 километрдан иборат автомобиль ва ички йўлларда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. 6 та таъмирталаб кўприкни талаб даражасига келтириш борасидаги лойиҳа ишларига киришилган бўлиб, ҳозирда жараён давом этмоқда.

Йўлларимиз равонлиги юрт ободлиги ва халқ фаровонлигини ифодаловчи жиҳатлардан бири бўлса, соҳа ходимларининг меҳнатига берилган баҳо десак, муболаға эмас. Шундай экан, мутахассислар кўпроқ сифатга эътибор берган ҳолда йўллардан фойдаланиш муддатини янада узайтиришни ўз олдиларига мақсад қилиб олсалар нур устига нур бўларди, дея таъкидланди матбуот анжуманида.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер