14 нафар талаба Қашқадарё вилояти ҳокими стипендиясига сазовор бўлди
Фото: “Халқ сўзи”
Жорий йилнинг июль ойида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ташаббуси билан вилоятдаги олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари учун “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий этилган эди.
Шунга мувофиқ ўтказилган танловга 442 нафар талаба ариза топширди. Номзодлар тегишли Низом талаблари асосида ўтказилган икки босқичли синовларда сараланиб, энг юқори балл тўплаган 14 нафар талаба “Вилоят ҳокими стипендияси”нинг илк соҳибларига айланишди. Улар ичида Қарши давлат университетининг физика факультети 4-босқич талабаси Шоҳжаҳон Иброҳимов ҳам бор.
— Физика соҳасига ёшликдан қизиқаман, — дейди у. — Ҳозирги кунда ўқиш билан бирга, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган қатор стартап, инновацион лойиҳалар бўйича танловларда ўз илмий ишларим билан иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгалладим. Хусусан, 2021 йилда “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасининг, 2022 йилда эса “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичида ғолиб бўлдим. Жорий йилда “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Вилоят ҳокимининг стипендиясига сазовор бўлишим эса менга янада кўпроқ изланиш ва соҳада юксак ютуқларни қўлга киритишим учун қўшимча шижоат бағишламоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг