Жумабай Жиров қўбиз чертганда...
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Миллий халқ оғзаки ижодини ўзида мужассам этган достонларни, термаларни ва айтишувларни куйловчини халқимиз бахши-жиров дейди. Эл-улуснинг севимли бахшиси Жумабай Базаровга илк бор «Ўзбекистон халқ бахшиси» ёки «Қорақалпоғистон халқ жирови» унвони берилганини кўпчилик билмаса керак. Буни ҳатто интернетдан ҳам ахтариб тополмайсиз. Фақат «Халқ сўзи» газетасининг 2000 йилги тахламларидагина оқинга берилган фахрий унвон ҳақида маълумот берилган.
Жумабай Базаров 1927 йилда Туркманистон Республикаси «Кўҳна Урганч» туманидаги «Қарақушли» қишлоғида туғилган. Кейинчалик оиласи билан Базарбай туманидаги Нариманов номли мактабга 1-синфга ўқишга боради.
У мактабда 7 йил таҳсил олгач, отаси таниқли бахшилардан бирига шогирдликка беради. Бўлажак халқ бахшиси 1950 йилгача Есемурат жиров Нурабиллаевдан қўбиз чалиш, достонларни ёд олишни, бахшичиликнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганади.
Кейинчалик Жумабай жиров устозидан ўрганган достонларни тўю байрамларда ижро этиб юради. 1969 йилдан бошлаб Жумабай жиров Шуманай тумани маданият бўлимида ўз фаолиятини бошлайди. Етмишинчи йиллардан бошлаб, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон кўламида ўтказилган танловларда фаол иштирок этади.

Жумабай жиров 1993 йили Москвада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба ёшларнинг «Наврўз» миллий байрамида қатнашади. 1994 йили Туркманистон Республикасида «Ашық айдын пир»га бағишланган Илмий-амалий анжуманда иштирок этади. Олмаоталиклар бу бахшининг овозига маҳлиё бўлиб, анжуманларга бир неча марта таклиф қилади.
1980 йил 12 сентябрда Тошкент шаҳрида ўтказилган ИИИ-Бутуниттифоқ туркология конференциясида қорақалпоқ достонларини ижро этади. Анжуманда Америка Қўшма Штатидан келган тадқиқотчи-профессор Эльза Лаузе-Циртатель жиров ижро этган бир нечта достонларни тасмага ёзиб, уни ўз элига бориб эшиттиради.
Бахшининг нафақат Ўрта Осиёда, балки Европа давлатларида ҳам мухлислари, унинг ижодини юксак эътироф этган олимлар кўп. Масалан, 1981 йил Германиянинг Бонн университети профессори Карл Райхль атайлаб Қорақалпоғистонга ташриф буюради. Жумабай жировга бир неча достонларни ижро қилдириб, улардан парчалар ёзиб олади. Кейинчалик ушбу олим Жумабай жиров ҳақида уч тилда китоб нашр қилади.
Шуманай туманининг марказида жойлашган санъат мактабига Жумабай жировнинг номи берилган. Ҳозирда 300 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда миллий мусиқа асбоблари, фортепьяно, хореография, тасвирий санъат каби ўндан зиёд йўналишда дарс ўтилади. Муассаса ўқувчилари мамлакатимизда ўтказилган кўплаб кўрик-танловларда фахрли ўринни эгаллаб келмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 майдаги «Қорақалпоғистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистон халқ бахшиси, Қорақалпоғистон халқ жирови Жумабай жиров Базаров хотирасига бағишлаб «Жировлар танлови»ни ўтказиш белгиланган.

Буни қарангки, Халқ бахшиси Жумабай Базаровнинг кенжа ўғли Тобаназар Базаров ҳам Болалар мусиқа ва санъат мактабида болаларга сабоқ бериб келмоқда.
– Сурхондарёда «Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда отам билан саҳнада достон ижро этганман, – дейди Т. Базаров. – Мазкур фестивалда отам биринчи ўринни эгаллаган. Бу юксак рағбат қорақалпоқ бахши-жировларига берилган юксак баҳо эди. Шу йили Жумабай жиров хотирасини улуғлаш бўйича ўтказилган танловнинг республика босқичида шогирдим Азамат Жумамуратов 3-ўринни эгаллади. Бундай танловларнинг ўтказилиши бахшичилик санъатининг давом этиши, ёш жиров ва бахшилар ўзларининг истеъдодларини юзага чиқаришда кўмак беради.
– Бахшичилик санъатининг ривожланиши миллий соз-асбобларини ясовчи усталар иши билан узвий боғлиқ, – дейди шуманайлик уста ҳунарманд Назарбай Қидиримбетов. – Мен дастлаб Халқ бахшиси Жумабай Базаровдан, ҳозирги пайтда унинг фарзандлари, шогирдларидан қўбиз созини ишлашда маслаҳатлашиб, жировнинг овозига мослаб ясашга ҳаракат қилганман. Қўбизнинг барча ишлари қўл меҳнати билан ишланади. Унга ёғочни, ҳайвон терисини, от ёлини танлаб, талаб даражасида маҳорат билан ишланмаса, создан овоз чиқмаслиги, бахши овозига мос келмаслиги мумкин. Шу боис бахшилар билан уста ҳунармандлар ҳар доим ҳамкорликда ишласа, яхши натижаларга эришади.
Бахшичилик ривожига улкан ҳисса қўшган, қорақалпоқ жировчилик санъатини дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшган Жумабай Базаров 79 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Машҳур жировнинг «Шарияр», «Қоблан», «Едиге», «Орманбет бий» ҳасрати, «Ота даркор йигитга», «Анда алле минда бар», «Не жаман» каби термалари ҳозирги кунда радио ва телевидениянинг олтин фондларида сақланиб келмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг