Жиззах вилоятида фуқарони 14 минг 300 доллар эвазига ноқонуний йўл билан АҚШга жўнатишни ваъда қилиб, уни Жанубий Африкага юборган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Жиззах шаҳрининг «Хайробод» маҳалласида яшовчи И.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, ўғли М.Т.ни Шароф Рашидов туманида яшовчи А.Я. Америкага юборишини айтиб, 14 минг 300 доллар олгани, лекин фарзандини Жанубий Африкага жўнатганлигини билдирган.
Шунингдек, аризачи ўғли М.Т. Африкада чорасиз қолиб кетганлиги, ўз навбатида А.Я. ундан вазиятни ўнглаш учун яна 6 минг 700 доллар сўраётганидан шикоят қилган.
Маълум қилинишича, мазкур мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилиб, 6 минг 700 АҚШ долларини олган А.Я. ашёвий далиллар ушланган.
Манбага кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, бироқ хабарда Жанубий Африкада чорасиз қолиб кетган Ўзбекистон фуқаросининг ҳозирги аҳволи, уни ватанга қайтариш учун тегишли чоралар кўрилаётгани ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг