Жиззах вилоятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида очиқлик даражасини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Эшмуратов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси П.Шукуров, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, депутатлар, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шунингдек, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят ташкилотлари, сиёсий партиялар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Жиззах вилоятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида очиқлик даражасини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назорати институтларини ривожлантириш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз курашишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган фармон ва қарорлари, давлат органлари фаолиятини «Очиқлик индекси» асосида баҳолаш тизимининг жорий этилгани, маҳаллий Кенгашлар сессияларини жонли эфир орқали ёритиш амалиётининг йўлга қўйилгани ҳамда давлат харидлари жараёнларининг рақамлаштирилгани тизимли ишларнинг амалий ифодасидир.
Амалга оширилган ишлар билан бирга, бунда айрим ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд.
Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимлиги 2022 йилда 70,3 балл («сариқ») билан республикадаги ўртача кўрсаткичдан (62,3 балл, «сариқ») юқори натижа қайд этган. 2023 йилда эса 66,3 балл («сариқ») билан республика кўрсаткичига тенглашган. Бироқ 2024 йилга келиб, республика кўрсаткичи билан бирга 48,8 баллга тушиб, «қизил» тоифага ўтган ва очиқлик даражаси кескин пасайган.
Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатида кўрсатилган 15 та тоифадаги маълумотлардан фақат 6 турдаги маълумотлар Янгиобод ва Зомин туман ҳокимликлари томонидан эълон қилинган.
Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод, Мирзачўл, Пахтакор ва Фориш туманлари ҳамда Жиззах шаҳар ҳокимликлари томонидан эса маълумотларнинг бирортаси эълон қилинмаган.
12 та халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ўтказилган сессияларнинг бирортаси жонли трансляция қилинмаган.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимидаги ҳамда вилоятдаги бошқа давлат идораларининг 19 нафар ходими томонидан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбарлик асосида фаолият юритиб келинган.
Хусусан, Зомин туманида 6 та, Жиззах шаҳрида 4 та, Шароф Рашидов, Янгиобод, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида 2 тадан, Арнасой туманида 1 та бошқарув ходими таъсисчи ёки раҳбар сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган.
Буюртмачи ташкилотлар томонидан 2025 йилда жами 9 та ҳолатда 5 млрд сўмлик давлат харидларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Вилоятда аниқланган камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисобот ва ахборотлари тингланди.
Аниқланган камчиликларни тизимли бартараф этиш, ахборот очиқлигини таъминлаш, техник ва ташкилий жараёнларни тўғри йўлга қўйиш юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.
Мажлис давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан ўнга яқин масала батафсил муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида
- Закиров Фаррух Каримовични «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлаш тўғрисида
- Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров шарафланди
- Эронда интернет узилиши 47 кундан бери давом этмоқда
- Польша билан иккинчи жаҳон уруши тарихи бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
- WSJ: Европа АҚШнинг НАТОдан эҳтимолий чиқишига қарши захира мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг