Жиноятга жазо муқаррар

14:58 17 Март 2022 Жамият
1490 0

Баъзи бир товламачи кимсалар ҳамиша бошқаларнинг чўнтагидаги пулларни санаб юради. Фурсат бўлди, дегунча, уларга эгалик қилиш хаёлида бўлади. Баъзан бу истак кучлилиги сабабли ўғирлик қилиш ҳолатлари кузатилади. 

Масалан, бундай кимсалар олдиндан тузилган режа асосида ўзгаларнинг мол-мулки ёки пулларини қўлга киритиш ёки тортиб олишга ҳаракат қилади

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 1976 йилда туғилган, бир неча бор суднинг қора курсисида ўтириб, тавба қилмаган Ражаб Жомуродов (исм-шарифи ўзгартирилган) текин даромад топиш илинжида ўзгалар мол-мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш учун жиноятга қўл урди. 

У аввал ҳам ўғрилик содир этиб, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиб, пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб келган.

Энг ёмони, бу кимса ҳар гал бозорлар оралаб, ким мол сотиб олиш мақсадида бозорга кирганлигини аниқларди. Сўнгра у пул қаердалигини аниқлайди ва «ов»га киришади. 

Шу тариқа 2017 йил 29 март куни соат 05:00 ларда, Чироқчи туманидаги «Кўктош баракаси» мол бозорига ўғирлик қилиш мақсадида келиб, бозорнинг орқа томонида турган автомашина юкхонасини металл жисм билан очиб, 10 миллион сўмга яқин пулни ўғирлаб кетади. Р. Жомуродов бундай ўғирликларни тумандаги яна кўплаб бозорларда бир эмас, бир неча маротаба амалга ошириб, бозорга мол олиш мақсадида келган кишиларнинг «ёстиғини қуритиб» келган.

Албатта, ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик йўли билан талон-тарож қилиш қонунларимизда жиноят ҳисобланади. Жиноятни содир қилган кишига эса жазо ҳамиша муқаррар. Текин даромад, ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириш, ўғирлик қилиш ҳеч қачон яхшилик билан тугаган эмас. 

Йиллар давомида ўзгаларнинг ҳалол пулларини ўғирлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юрган Р. Жомуродовнинг ўғриликлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан фош этилди ва у ўз қилмишига яраша жазо олди .

Лутфулла МАМАРАЖАБОВ,

Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер