Жазони енгиллатиш жиноятнинг олдини олишга хизмат қиладими?

16:43 26 Январь 2024 Жамият
166 0

Наманганда вилоят судларининг 2023 йилдаги фаолият якунлари ҳамда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этган тадбирда вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2023 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов сўнгги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларига тўхталар экан, 2016-2023 йиллар давомида мазкур йўналишда 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани, бу ўз навбатида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.

— Судлар томонидан инсонпарварлик тамойили қўлланилиши натижасида 2023 йил давомида 12 нафар шахс оқланди, 1526 нафар шахс ёки умумий судланганларнинг 31,8 фоизига нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, модда санкциясида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинланди, — дея таъкидлаб ўтди А.Усмонов. — Шунингдек, 153 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. 1469 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган. 2431 кишига нисбатан жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш амалиёти қўлланилиб, 86 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.

Вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова соҳадаги ислоҳотларда маъмурий судларнинг ўрни, тизимдаги янги ўзгартиришлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер