Жамоатчилик назоратининг самарали механизми
Яқинда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Унда жамоатчилик назорати субъектлари, объекти, назоратнинг асосий принциплари ва шакллари белгиланган. Очиғини айтиш керак, бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари йўқ эди. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бериб келаётганди. Янги Қонун давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ҳамда амалий механизмларини жорий қилишда муҳим аҳамият касб этади. Хўш, хорижий давлатларда жамоатчилик назоратининг қандай самарали механизмлари оммалашган? Мухбиримиз шулар хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Тимур АҲМЕДОВ билан суҳбатлашди.
— Шуни таъкидлаш керакки, хорижий мамлакатлар қонунчилигида жамоатчилик назоратини амалга ошириш субъектлари, объекти ҳамда шакллари турли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда акс этган, — дейди Т. Аҳмедов. — Фақатгина айрим мамлакатларда мазкур йўналишда алоҳида қонун қабул қилинган. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг шу йўналишдаги ролини мустаҳкамлашдир.
Жамоатчилик назорати тамойилларини қўллаган ҳолда юзага келаётган янги механизмлардан бири ижтимоий аудит саналади. Ижтимоий аудитнинг мақсади маҳаллий давлат дастурлари бажарилишини мониторинг қилиш орқали давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга кўмаклашишга қаратилган. Эътиборли жиҳати, ижтимоий аудит, асосан, фуқаролик жамияти институтлари томонидан мутахассислар ва аҳолининг кенг қатламини жалб этган ҳолда бажарилади. Бу борада тузилган гуруҳга ижтимоий аудиторлар мақоми берилади.
— Ижтимоий аудитнинг қайси турлари оммалашган?
— Бугунги кунда хорижий давлатларда ижтимоий аудитнинг икки туридан кенг фойдаланилади. Биринчиси, ижтимоий аудит бўлиб, Осиё — Тинч океани давлатларида, яъни Корея Республикаси, Япония ҳамда Ҳиндистонда кенг қўлланилади. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу мамлакатларда ижтимоий аудит ўтказиш, аввало, тегишли маълумотларни йиғишдан бошланади. Кейинги босқичда мазкур маълумотлар таҳлил қилиниб, шарҳланади. Сўнг хулосалар ҳамда тавсияларни ўз ичига олган ҳисобот тайёрланади. Ҳисобот лойиҳаси ижтимоий аудиторлар томонидан масъул бўлган ташкилотлар билан бирга муҳокама этилади ва унинг натижалари кенг жамоатчиликка тақдим қилинади. Шу асосда давлат органлари ҳамда манфаатдор ташкилотлар ўзига тегишли хулоса чиқаради. Шу ўринда қайд этиш керакки, Ҳиндистонда ижтимоий аудит механизмларидан фойдаланиш натижасида ҳукуматнинг қашшоқликка қарши кураш дастури самарадорлиги 60 фоиздан 97 фоизгача кўтарилган. Бу ҳам мазкур механизмнинг амалий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Скандинавия давлатлари, Германияда ижтимоий аудитнинг бошқа шакли кенг қўлланилмоқда. Бунда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни, шу жумладан, экология, иқтисодий ривожланиш, коммунал хизматларда инновацияларни жорий қилиш ва бошқа соҳаларда жамоатчилик экспертизасини ўтказиш учун махсус платформа яратишга алоҳида урғу берилади.
Масалан, Германияда ижтимоий аудитни амалга ошириш учун олимлар, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар ҳамда социологлардан иборат тадқиқот гуруҳи тузилади. Ушбу жараён илмий-тадқиқот марказлари ва бундан манфаатдор бўлган ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Асосийси, ижтимоий аудит натижаларининг оммавий ахборот воситалари, сиёсатчилар, давлат арбоблари ҳамда кенг омма учун очиқлигидир.
— Ижтимоий аудит “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган нормаларга нечоғли уйғун?
— Қонун ижтимоий аудит тамойилларига мос келади. Масалан, мазкур ҳужжатда ҳам жамоатчилик муҳокамаси, мониторинги, экспертизаси ва жамоатчилик фикрини ўрганиш сингари назорат шакллари кўрсатиб ўтилган. Қонунга асосан, шунингдек, давлат органлари жамоатчилик назорати субъектларидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тўғрисида ҳамда унинг натижалари ҳақида ахборот олишга, жамоатчилик назорати натижаларига кўра тайёрланган якуний ҳужжатларда кўрсатилган таклифлар ва тавсияларга нисбатан асослантирилган эътирозларини жамоатчилик назорати субъектларига юборишга, жамоатчилик назоратини ўтказиш ташаббуси билан чиқишга ҳақли. Якуний ҳужжат ахборот ҳамда тавсия хусусиятига эга бўлиши, унда баён этилган ахборот, маслаҳат ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши кўрсатиб ўтилган. Буларнинг барчаси қонунчилигимизда белгиланган шакл ва тамойиллар ижтимоий аудит ўтказиш учун уйғунлигини кўрсатади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, ушбу Қонун фуқаролик жамияти институтлари учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Боиси “учинчи сектор” ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этилишига ва давлат ҳамда жамият қурилишининг самарадорлигини кўтаришга имкон беради. Бу эса демократик тараққиётнинг асосий тамойилларига ҳамоҳанг жараёндир.
Қобил ХИДИРОВ
суҳбатлашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг