Жамият осойишталигини самарали таъминлаш — пировард мақсад
Маълумки, Ўзбекистонда тинчлик ва соғлиқни сақлаш ислоҳотларнинг энг муҳим бўғини этиб белгиланган. Жамиятда мазкур икки вазифанинг бекаму кўст таъминланиши аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакат тараққиётини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир.
Тинчлик бор — барака бор
Бинобарин, тинчлик бўлган жойда одам хотиржам яшайди, ота-онаси, оиласи, фарзандлари тақдиридан кўнгли тўқ бўлади, ўқиш, ишлаш, келажак сари дадил қадам ташлаш учун интилади. Соғлиқни сақлаш, маърифат, иқтисодиёт соҳалари гуллаб-яшнайди, давлат дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиш учун олға ҳаракат қилади. Ота-боболаримиз бежизга тинчликни энг катта баракага қиёслашмаган. Зеро, бежизга бир кун жанжал бўлган жойдан минг кун барака кетади деб бежизга айтилмайди.
Жамиятда тинчликни сақлаш, жамоатчилик тартиби ва фуқароларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар, хусусан, профилактика инспекторларининг ўрни жуда катта. Бугунги кунда ушбу касб эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришлари учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар ҳам ҳаётга татбиқ этилди.
Маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш — муҳим вазифа
Бундай эътибор биринчи навбатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилаётганини англатади. Зеро, давлат раҳбари парламентга Мурожаатномасида ҳуқуқ-тартибот идораларини аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини алоҳида айтиб ўтди. Ва бу борадаги устувор вазифалар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида алоҳида белгилаб берилди. Бугунги кунда унинг ижросини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга ошириляпти.
Профилактика инспекторларининг ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги самарали фаолиятини таъминлаш масаласи ҳам шулардан биридир. Зеро, Президент таъкидлаганидек, “...ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, «маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси», десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт».
Ҳам ўринбосар, ҳам осойишталик ҳимоячиси
Шу маънода маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатлари кенгайтирилиб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имкони берилмоқда.
Маълумки, профилактика катта инспектори эса фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариб келмоқда. Илгарилари оқсоқол ва ички ишлар ходимлари алоҳида, айро ишлаган бўлса, эндиликда улар маҳалла, умуман, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, осойишталикни ҳимоя қилиш, умуман, одамлар манфаатларини муҳофаза қилишда бир тану бир жон бўлиш ишлашмоқда.
Ўз навбатида фуқаролар йиғини раиси раиси тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги, ҳудудий ички ишлар бош бошқармалари ҳамда бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга. Бу нафақат маҳалладаги фаолият мониторингига хизмат қилади, балки профилактика инспекторини ўз устида тўхтовсиз ишлашига ундайди, одамлар билан бевосита мулоқот самарадорлигини оширади. Маҳаллалардаги муаммоларни адолат тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда ҳал қилиниши кўламини кенгайтиради.
Дарахт бир жойда кўкаради
Ўз навбатида бугунги кунда профилактика инспекторлари 5 йил муддатга лавозимга тайинланиб, уларни ушбу муддат давомида бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланган. Халқимизнинг «Дарахт бир жойда кўкаради» деган ҳикматидан келиб чиқилса, бунинг моҳиятини англаш қийин эмас. Аҳоли билан ишлаш самарадорлиги кадрларнинг бир жойда қунт ва қўним билан ишлашини тақозо этади.
Бу инспекторлар учун карьера қилиш имконияти ёпиқ деган маънони англатмайди. Гап шундаки, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг таркибидаги бўлимлари ва ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари устуворлик асосида профилактика инспектори лавозимида камида 5 йил ишлаган ходимлари орасидан тайинлаб келиняпти. Ушбу масъулиятли лавозимларга, қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар танланаётгани ҳам масъулият даражасидан дарак бериб турибди.
Ўз навбатида ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига профилактика инспекторларини хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.
Янгиланишлар учун дастуриламал
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 26 март куни «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларни мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал ҳисобланади. Зеро, мазкур ҳужжат орқали мамлакатда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмларини ташкил этиш белгиланган. Буни Фармонда кўрсатиб ўтилган қуйидаги йўналишлар ҳам тасдиқлайди:
— ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш;
— ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларни тоифаларга ажратиш ҳамда ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситаларни жалб қилиш;
— «республика – вилоят – туман – маҳалла» тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмларини жорий этиш, ички ишлар ва бошқа давлат органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш;
— ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга эришиш.
Ўз навбатида Фармонга мувофиқ:
— Вазирликнинг Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасини ўз ичига оладиган Тезкор-қидирув департаменти;
— Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Пробация хизматини ўз ичига оладиган Жамоат хавфсизлиги департаменти;
— Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси, Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасини ўз ичига оладиган Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти;
— Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар бошқармаси, касбий тайёргарлик бошқармасини ўз ичига оладиган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти;
— Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилган.
Бундай институционал ўзгаришлар нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти самарадорлигини оширади, балки жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий механизмларни жорий этиш имкониятларини кенгайтиради.
Фармон билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:
— Жазони ижро этиш департаменти бевосита ички ишлар вазирига бўйсунади ва вазирнинг зиммасига ички ишлар органларининг жиноий жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш ва унда қатъий интизомни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;
— ички ишлар органларининг барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмавий-функционал бўйсунувидан чиқарилиб, Жазони ижро этиш департаменти бўйсунувига ўтказилади;
— тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва уларда кунлик назоратни олиб бориш Жазони ижро этиш департаменти тизимида ташкил этиладиган 6 та минтақавий мувофиқлаштириш марказлари томонидан амалга оширилади.
Рағбат ҳам имконият, ҳам масъулият
Президент Фармонида соҳа вакиллари, хусусан, профилактика инспекторларини рағбатлантириш, танловлар ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур ҳужжатга илова сифатида келтирилган «Йўл харитаси»да 2021 йилнинг 25 майига қадар «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи», «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» номинациялари бўйича республика танловларини ташкиллаштириш белгиланган бўлиб, унга шахсан ички ишлар вазири масъул этиб тайинланган.
Танловни ўтказишдан мақсад — соҳавий фаолият бўйича энг яхши ходимларни аниқлашнинг ҳар томонлама, холисона, ошкора механизмлари ва мезонларини жорий этишдан иборат. Энг яхши ходимлар ҳар йили 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари кунини нишонлаш вақтида эълон қилинади.
Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ғолибларни ҳар ойлик пул таъминотининг 100 фоизигача миқдорда бир йил давомида моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилади ва энг яхши ходимларнинг фотосуратлари ва улар ҳақидаги маълумотлар бир йил давомида барча ички ишлар органларида жойлаштирилади ҳамда уларнинг хизмат вазифаларини бажариш натижалари кенг тарғиб этилади.
Бу ҳам профилактика инспекторларини билим олиш, одамлар билан ишлаш кўникмаларини мунтазам такомиллаштириб боришлари, ўз устиларида тинимсиз изланиш ва меҳнат қилишлари учун қўшимча стимулдир.
Бундай имконият, рағбат ва эътибор соҳа учун кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этаётган педагог-мутахассислар зиммасига ҳам катта вазифа юклайди. Зеро, фуқаролар билан бевосита ишлайдиган соҳа учун мутахассис етказиб бериш юксак шараф бўлиши қаторида катта масъулият ҳамдир.
Бинобарин, бўлажак профилактика инспекторларида зарур кўникмалар, хусусан, аҳоли билан ишлашда хушмуомалалик, профессионализм, қонунийлик, яхши хулқ-атвор, эстетик маданият билан боғлиқ компетенцияларни шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш бизнинг таълим муассасаси ҳамда унинг тажрибали жамоаси ҳамиша фаол бўлади.
Барнохон Саматова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлари кафедраси доценти в.б.,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг