Жайронлар неча йил умр кўришади?
Фото: Халқ сўзи
Ноёб жонзот саналган жайронларнинг табиат қўйнида эмин – эркин ўтлаб юришларини кўриш жуда мароқли. Бухоро вилоятидаги «Жайрон» питомнигида айни дамда улар сони 1 минг 203 бошни ташкил этади. Жайронлар учун фаунаси бой бўлган 16 минг 522 гектар ер ажратилган.
-Бу жониворлар бир йилда бир бор болалайди,- дейди питомник директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дилшод Турсунов.- Улар одатда 20 октябрдан 20 ноябргача қўшилишади. Камдан-кам ҳолда учта туғиши мумкин. Боласи дунёга келганида 340-350 грамм атрофида бўлади. Биласизми, жайронлар қўлга ўрганмайди, деган тушунча бор. Бу нотўғри. Агар жайрон инсон меҳрини сезса, одамдан чўчимайди. Масалан, биз чақирсак, ёнимизга келади.
Айтишларича, жайрон соатига 70 километр тезликда югура олади.Бу унга ўз кушандалари таъқибидан халос бўлишда асқатади. Тўғри, питомник ҳудуди ва ундан ташқарида бўрилар йўқ. Аммо тулки, шоқол ва ҳатто дайди итлар ҳам кийикка ҳужум қилиши, унинг умрига зомин бўлиши мумкин.
-Чўл –бепоён. Шунга қарамай, жайронларнинг ўзлари юрадиган йўлаклари бор,- давом этади Д. Турсунов.- Улар нечоғли нозик бўлишмасин, қатъиятли саналишади. Мабодо, ташна бўлиб қолишса, ҳаттоки 30 километр йўл босиб бўлса ҳам, кўл бўйига келишлари ва чанқоқликларини қондиришлари мумкин. Болаларига жуда меҳрибон. Эркак жайронлар болалари учун ўз жонларини фидо қилишга шай туришади. Мабодо, қиш – қировли кунларда очлик хавф солгудек бўлса, саҳрода учраган ўт – ўланни ўзлари емай, болаларига раво кўришади. Шу боисдан эркак жайронлар урғочиларига нисбатан кўпроқ нобуд бўладилар.
Бу масалага алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас.Питомник ҳудуди нақадар катта бўлмасин, бу ердаги яйлов ҳолати об-ҳавонинг қандай келишига боғлиқ. Баҳорги қурғоқчилик, қишнинг чўзилиши жайронлар ҳамда бу ерда парваришланаётган бошқа ноёб ҳайвонлар учун озуқа муаммосини пайдо қилади. Тўғри, питомник жамоаси ўз кучи билан ем- хашак жамғармоқда. Лекин қўлдан берганга қуш тўймас, деган гап бор. Вилоят масъуллари шу масалага ечим топишса, она-табиатни асраб – авайлаш, ноёб жониворларни кўпайтиришдек хайрли ишга бош қўшган бўлур эдилар.
Айтмоқчи, жайронлар неча йил умр кўришади? Мутахассисларнинг таъкидлашларича, табиий ҳудудда улар 5 – 6 йил яшайдилар.Питомникда эса жайронлар 9 йилгача умргузаронлик қилишади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи» .
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг