Жаҳон банки Ўзбекистонга 400 миллион долларлик ёрдам беради
Жаҳон банки Ўзбекистонга 400 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда UzNews хабар берди.
Айтилишича, маблағ ҳукуматга мамлакатнинг рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам берадиган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган.
Ўзбекистонга 250 миллион доллар паст фоизли ва 30 йилдан ортиқ муддатга имтиёзли кредит, шунингдек, бозор фоиз ставкаси ва муддати 12 йилдан ортиқ бўлган 150 миллион доллар миқдорида кредит берилади.
Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ва техник ёрдам қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради:
— буғдой бозорини янада эркинлаштириш;
— давлат корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш;
— давлат харажатлари ва қарзлари устидан ҳисобдорликни ва назоратни кучайтириш;
— меҳнат бозорида гендер дискриминациясига қарши курашиш;
— кам таъминланганлар учун нафақалар қамровини кенгайтириш.
Қайд этилишича, Ўзбекистон очиқ ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ислоҳотларга қатъий интилишини намойиш этишда давом этмоқда. 2026 йилгача аҳоли ўртасида қашшоқлик даражасини икки баравар камайтириш ва 2030 йилгача ўртача даромади юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш мақсадларига эришиш учун миллий иқтисодиёт тезроқ ўсиши керак.
Бу хусусий секторда кўпроқ иш ўринлари яратиш, фуқаролар, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлар учун иқтисодий имкониятларни оширишни тақозо этади. Жорий фаолият доирасида банк томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар юқоридаги мақсадларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам беради», деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш доирасида ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
Янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш келаси йилнинг ўрталарида якунланиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг