Зарбдор ойлик бошланди. Самарқандда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб, экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу йўналиш ривожига боғлиқ.
Кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўтарилгани натижасида деҳқон ва фермерларда манфаатдорлик туйғуси ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлди, десак хато бўлмайди.
Жорий хўжалик йилида Самарқанд вилоятда 2 минг 106 та фермер хўжаликлари томонидан 75 минг 580 гектар ер майдонига чигитнинг Султон, Бухоро-102, Омад, С-8286, Порлоқ-1 навлари экилган бўлиб, 215 минг 500 тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши юзасидан кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда. Пахта етиштиришга ихтисослашган 9 та туманда мавжуд 523 та қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг юқори унум билан ишлашини таъминлаш доимий назоратга олинган. Айни кунларда ғўза парвариши юзасидан агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
Паяриқ тумани деҳқонлари ҳам мазкур муҳим тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишмоқда. Жорий йилда туманнинг 12 минг 459 гектар ер майдонида чигит экилган бўлиб, бир текис униб чиқиши таъминланди. Пахта етиштиришга ихтисослаштирилган 2 та кластер корхоналари 350 та фермер хўжаликлари томонидан пахта хом ашёсидан юксак хирмон яратиш мақсадида самарали меҳнат қилинмоқда. Хусусан, тумандаги «Ғулом Эргашев даласи» фермер хўжалиги даласида ҳам иш қизғин. Мавжуд 18 гектар пахтадан 60 тоннадан ортиқ пахта етиштириш учун 4 та ҳайдов тракторидан унумли фойдаланмоқда.
«Анвар Қўчқоров замини» фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 60 гектар ер майдонида пахта парваришлаяпти. Тажрибали деҳқон ва механизаторлар 180 тоннага яқин пахта етиштириш мақсадида ҳаракат қилишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан руҳланган хўжалик аъзолари ҳар гектар ердан ғалладан 20 центнер, пахтадан 10 центнердан қўшимча ҳосил етиштиришни режалаштирганлар.
Тажрибали деҳқонлар таъбири билан айтганда, саратонда ҳосил тақдири ҳал бўлади. Қуёш тафтига тўйинган ғўза ниҳолларини шарбат усулида суғориш ҳосил салмоғини орттириб қолмай сифатни ҳам яхшилашга хизмат қилади. Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжалиги раҳбарларига ҳосилнинг тақдири ҳал этиладиган муҳим даврда ғўза парваришида бажариладиган муҳим агротехник тадбирлар юзасидан тавсиялар берилмоқда.
Жумладан, ғўза қатор орасига ишлов беришда 1 ва 2-культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (20–25 см) юмшатишни амалга ошириш яхши самара беради. Тупроқ етилган пайтида культивация ўтказилади. Зарур бўлганда тупроғи етилган ерларда танлаб культивация қилиш лозим.
Шунингдек, бу пайтда бегона ўтларни вақтида ўтоқ қилиб туриш керак. Культивация билан бирга суғориш учун жўяк олинганда биринчи сувда 60 см қатор оралиғида экилган далалар учун эгат чуқурлиги 12–14 см, 90 см қатор оралиғида экилган майдонлар учун эса 15–18 см, кейинги суғоришларда ушбу чуқурлик тегишлича 14–15 ва 18–20 см. ни ташкил этиши лозим.
Бу йилги ёғингарчилик оқибатида тупроқда тўпланган озуқа моддаларнинг бир қисми ер ости қатламларига ювилди. Шунинг учун пахта майдонларига ўғитни эрта муддатларда солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади. Органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш энг яхши чора ҳисобланади. Бунда ниҳолларнинг озуқа моддалар билан яхши таъминланиши мақсадида ғўза қатор ораларига ишловнинг 2 мартасида ҳар гектарига 250–300 кг.дан чириган, қуритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни мосламалар билан ғўза қатор ораларида 14–16 см узоқликка ва 15–17 см чуқурликка солиш кутилган натижа беради. Ғўзанинг шоналаш ва гуллаш даврларида гектарига 400–500 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 центнерга оширади.
Н.Турсунов,
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш
инспекциясининг Самарқанд вилоят
бошқармаси бошлиғи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг