«Заковат» турнири ғолиблари аниқланди
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Ёшлар ўртасида билим ва тафаккурни ривожлантиришга хизмат қилувчи «Заковат» интеллектуал турнирининг республика босқичи якунланди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада юртимиз бўйлаб сараланган 42 та жамоа иштирок этди.
Зукколик ва зеҳн чархлаш бўйича кечган қизғин беллашувлар давомида билимдон ўқувчилар муросасиз ва интеллектуал курашларда ўз салоҳиятларини намоён этишди. Турнир натижаларига кўра, Наманган вилояти Чуст туманидаги 52-умумтаълим мактабининг «Авиценна» жамоаси барча босқичларда юқори натижаларни қайд этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Ғолиб жамоага 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти топширилди.
— Нуфузли ўйинда кучлиларнинг кучлиси бўлиш, кутилмаган ва мантиқий жиҳатдан ўзига яраша мураккаб саволларга жавоб топиш осон эмас, — дейди жамоа сардори, 11-синф ўқувчиси Жамшид Ғуломжонов. — Тайёргарлик жараёни ҳам бўлажак саволларга, ҳам мактабни битирув имтиҳонларига ҳозирлик билан боғланиб,икки томонлама нафли кечди. Жамоамизга ҳар жиҳатдан саралаб олинган билимдонлар ўз устида қунт билан ишладилар, устозларимизнинг қўшимча сабоқларидан фойдаландик.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги вақтларда Наманган вилояти ёшларининг «Заковат» интеллектуал лойиҳаларидаги иштироки фаоллашиб, барқарор натижаларни намоён этмоқда. Яқинда ушбу ҳудуднинг бошқа жамоаси — Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ҳам Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги турнирнинг мамлакат босқичида ғолиб чиқиб, 100 миллион сўмлик пул мукофотига сазовор бўлган эдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг