Юз ғазал – юз жавоҳир

14:38 13 Февраль 2023 Жамият
798 0

Фото: Халқ сўзи

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига оид 130 дан ортиқ ғазални ёд олиш осон иш эмас.

Қарши туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари - Дилбар Қўлдошева ҳамда Дилбар Аҳмадовалар эса бу ишни уддалади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган «Юз ғазал – юз жавоҳир» танловининг Қашқадарё вилоят босқичида Дилбар Қўлдошева 139 та, Дилбар Аҳмадова эса 136 та ғазални ёддан айтиб бериб, барчанинг эътирофи ва ҳайратига сазовор бўлишди.

— Танловда улуғ шоирларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан энг кўп ғазал билган иштирокчи ғолиб бўлиши айтилган эди, — дейди Дилбар Аҳмадова. — Бунга қадар 100 та ғазални ёд олган бўлсам, танловга тайёргарлик жараёнида яна 30 дан ошиқ ғазал ёдладим.

Танловда Дилбар Қўлдошева ва Дилбар Аҳмадова 1-ўринга сазовор бўлган бўлса, юзга яқин ғазал ёдлаган Шаҳрисабз туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Заҳро Нўмонжонова 2-ўринни қўлга киритди.

Барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва китоблар тўплами топширилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер