Юртимиз ҳаётига дахлдор тарихий воқеа

20:14 10 Март 2022 Жамият
1026 0

Шу йилнинг 1 март куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қиёфасини тубдан яхшилашга қаратилган кўплаб янги ташаббуслар илгари сурилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу нафақат маҳаллалар, балки юртимиз ҳаётига дахлдор тарихий воқеа бўлди.

Президентимизнинг оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қарор ва фармонлари ушбу соҳалар тараққиётида бутунлай янги даврни бошлаб берди.

Маҳаллалар билан янгича асосда ишлаш, жамиятимиз файзи бўлган нуроний ва кексаларимизга муносиб эътибор кўрсатиш бўйича бундай ёндашув кўзланган натижани бериши, «инсон қадри учун» ғоясини тўла рўёбга чиқариши шубҳасиз. Нега деганда, қабул қилинган янги дастурий ҳужжатларда ҳаммаси аниқ-равшан белгилаб берилган, амалий механизмлар пухта ўйланган.

Эндиликда маҳалла институтига зиммасига юкланаётган бири-биридан муҳим вазифаларга мос равишда кенг ҳуқуқ ва ваколатлар, зарур моддий-техник имкониятлар яратиб берилмоқда. Маҳаллалар ҳаётнинг, ўзгариш ва ислоҳотларнинг энг қайноқ нуқтасига айланмоқда. Аҳоли муаммоларини комплекс ҳал этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, жиноятчиликни камайтириш, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш каби кўплаб соҳа ва йўналишлар ривожига энг қуйи бўғиндан бошлаб жиддий эътибор қаратилади.

Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига муҳим ваколатлар ҳам берилганки, бу шубҳасиз, уларнинг халқимиз, жамоатчилигимиз ўртасидаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилади. Дейлик, маҳалла раиси ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори фаолиятини ўзаро ҳамкорликда, уйғун ҳолда ташкил этиш учун масъул этиб белгилангани бир мушт бўлиб, аниқ мақсад сари биргаликда ҳаракат қилиш, кўпроқ амалий натижаларга эришиш имконини беради.

Бугун ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳада ташаббус кўрсатиш маҳалла раисларидан даврнинг ўзи талаб этаётган мезон. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Президентимиз томонидан имзоланган тегишли ҳужжатларга мувофиқ, маҳалла раислари янгича ёндашув, янгича тизим асосида ишламоқда. Аҳоли бандлигини таъминлашга эса алоҳида эътибор қаратилаётир.

Биргина Тошкент вилоятининг Чиноз туманини олайлик. Бу ҳудуд ўзининг деҳқончилик анъаналарига эга. Ер тилини биладиган миришкорлар кўп. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, изланиш, интилиш ҳар куни керак. Шу боис маҳалла раиси бош бўлиб, томорқалардан фойдаланишни янги, юқори босқичга олиб чиқиш, замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда аҳолига энг яқин кўмакчи бўлмоқда.

Айни кунга келиб маҳаллалардаги кўплаб хонадонларда иссиқхоналар мавжуд. Етиштирилган маҳсулотга харидор топиш, хўжаликларни кенгайтириш, имтиёзли кредит олиш сингари кўплаб йўналишларда ёрдам берилмоқда. Шу асосда илгари ишсиз бўлган аҳоли бандлиги таъминланяпти.

Ёшлар мавзусига тўхталадиган бўлсак, уларнинг бўш вақти мазмунли, фойдали ва албатта, қизиқарли ўтиши учун маҳаллаларда шароит яратиш керак. Мазкур долзарб вазифа маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига ишониб топширилган. Туман маҳаллаларида бу борада аниқ режа асосида иш олиб бориляпти. Турли кўрик-танловлар, кўргазмали чиқишлар, халқ ўйинлари, ижодий беллашувлар, оммавий спорт тадбирлари ўтказилаётгани ўсиб келаётган ёшлар учун ҳар томонлама фойдалидир.

Маҳаллаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси билан бевосита боғлиқ. Шу боис ушбу масалага устувор вазифа сифатида эътибор берилмоқда. Маҳаллада янги иш бошлаган кўп тармоқли тиббиёт маркази ана шу мақсадга хизмат қилади. Бу замонавий шифохона илк иш кунида нуроний ҳамда кексаларни қабул қилиб, уларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бу юртимизда инсонга, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.

Маҳалла аждодларимизнинг юксак тафаккурини, урф-одатлар ва анъаналарини ўзида мужассам этган, жаҳон аҳли ҳавас қиладиган эзгу қадриятларимиз кўзгусидир. Бугунги кунда ушбу ноёб тузилмага янгича маъно-мазмун бахш этилаётгани инсон қадрини улуғлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кунга ишонч билан ҳаракат қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер