«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ҳаёт улаш» хайрия акциясини эълон қилмоқда

18:14 13 Октябр 2023 Жамият
877 0

Сир эмас, сув танқислиги масаласи аллақачон умумбашарий экологик муаммолардан бирига айланган. Афсуски, бу муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Муаммонинг олдини олиш бўйича мамлакатимизда зарур чоралар ҳам кўриляптики, бу келажагимиз учун ғоятда зарур.

Сўнгги 6 йил давомида ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Бу олдинги йилларга нисбатан 6 баравар кўп. Бу даврда илк бор 1000 та маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шундай бўлсада, бу йўналишда кўп масалалар ўз ечимини кутмоқда. Юртимизда ҳанузгача ичимлик суви суткасига 4-6 соат бериладиган, марказлашган таъминот йўлга қўйилмаган, ёшлардан тортиб нуронийларигача ёки боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари сувни бир неча километр масофадан ташиб келишга мажбур бўлаётган ҳудудлар бор. Айрим вилоятларимизда ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам.

Улар учун тоза сув манбасини топиш зарур! Шу мақсадда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ҳаёт улаш» хайрия акциясини эълон қилмоқда.

Бунга қадар Ҳаракат томонидан маъсул давлат идоралари иштирокида республикамизнинг 14 та ҳудудидаги чекка маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ вазият, қудуқ қазиш, фильтр ўрнатиш ишлари ўрганилди. Сўнг сув чиқариш мумкин бўлган бирламчи рўйхат шакллантирилди.

«Ҳаёт улаш» акциясига дастлаб Хоразм вилоятида старт берилади. Октябрь ойи давомида сув чиқариш ишлари Навоий ва Сурхондарё вилоятларида давом эттирилади.

Биринчи босқичда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган тадбиркорлар, ҳомийларнинг хайрия маблағлари сарфланади. Натижада 9 700 дан зиёд нафар аҳоли обиҳаётдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади.

Акциянинг кейинги босқичларида бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олиш режалаштирилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро вилоятларининг чекка қишлоқларида сув манбаларини топиш ишлари якунига етган.

Шу тариқа хайрия акцияси давомида жами 40 мингга яқин аҳолига ичимлик суви етказиб берилиши кўзда тутилган.

Акция доирасида келиб тушган ва сарфланган маблағлар тўғрисидаги барча маълумотлар Hayotulash.uz сайтида ҳамда @hayotulash телеграм каналида доимий эълон қилиб борилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер