Юксак марралар йўлида изчил ҳамкорлик

10:31 03 Май 2018 Сиёсат
2241 0
​Фото: president.uz​​

Ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ҳамда қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқнинг дини бир, маданияти, урф-одатлари ўхшаш. Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёда энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Юртимизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон — Туркия муносабатлари динамик тарзда ривожланиб бормоқда ҳамда ўсиш тенденцияси ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳасида кўзга яққол ташланаяпти. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритаётир. Биргина 2017 йилда юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхоналар ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари эса аккредитация қилинди. Ушбу рақамлар ўзаро алоқаларда нечоғли улкан салоҳият борлигининг ёрқин исботидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Туркияга давлат ташрифи давомида ушбу мамлакат парламенти — Буюк миллат мажлисида ҳам бўлган эди. Туркия парламентида кечган муҳим мулоқотлар жараёнида икки давлат парламентлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилганди. Мазкур ташриф арафасида “Ўзбекистон — Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганди.

Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганини эътиборга олсак, мазкур меморандум тарихий аҳамиятга эга, десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Ўзбекистон ва Туркия парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг ўтган йилги ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ҳамда технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни ҳаётга тўлиқ жорий этишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи ҳамда Олий Мажлисдаги чиқиши биз, депутатларда катта таассурот қолдирди. Туркия раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳозирданоқ ўзининг ижобий натижаларини бераётганини эътироф этди. “Инсон манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган ушбу ислоҳотларнинг бош мақсади — халқ фаровонлигини оширишдир”, дея алоҳида таъкидлади Туркия Президенти. У, айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан илиқ муносабатларни ўрнатганидан мамнун эканлигини изҳор этди. Шунингдек, ўз нутқида Эркин Воҳидов, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон каби улуғ адибларимиз шеърларидан намуналар келтиргани унинг ўзбек халқига бўлган юксак ҳурматининг ёрқин ифодасидир.

Шу билан бирга, Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлаган ҳолда, савдо, иқтисодий, инфратузилмавий, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда биргаликдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича мулоҳаза ва -таклифларини билдирди.

Туркия Президентининг мамлакатимизга ташрифи, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга. Ташриф давомида ўзаро алоқаларда фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, хусусан, эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, айниқса, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш, ўзаро авиақатновларни кенгайтиришда муҳим вазифалар илгари сурилди.

Умуман айтганда, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг ўзаро ташрифлари икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очди ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар ишончли муносабатларни юқори даражага олиб чиқиш билан бирга, қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар 
қўмитаси аъзоси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер