Ёзёвондаги 6 та маҳаллага 18 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда

15:19 17 Март 2025 Жамият
175 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ёзёвон туманида 6 та маҳалла фуқаролар йиғини оғир ҳудуд тоифасига киритилди. Ушбу маҳаллаларда инфратузилма хизматларини яхшилашга 18 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

— Айни пайтда ҳудуддаги 1163 та оилада 4300 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азизбек Болтабоев. — Бу борада олиб борилган ўрганишлар жараёнида 154 та оила камбағал оилалар реестрига киритилди.

Дастур доирасида 3 млрд. сўм маблағ сарфланиб, электр тармоқларини янгилаш, ички йўлларни асфальтлаштириш ҳамда маҳалла ҳудудидан ўтган ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бошланди.

Шу тариқа 7,8 км электр тармоқлари янгиланади, 4,7 км. ички йўлларга асфальт ётқизилди ҳамда 2 км. ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилади. Натижада маҳалла инфратузилмаси замонавий мезонлар асосида яхшиланишига эришилади.

Айтиш жоиз, маҳалла аҳолиси тасарруфида 205 гектар томорқа ери мавжуд. Оилалар даромадининг 85 фоизи томорқадан олинадиган маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер