Ёзёвонда хизмат сифати шаҳардагидек
Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманида яқин йилларгача хизматлар сони анча чекланган эди. Шу боис ёзёвонликлар ҳатто оддий текширув ёки хизмат учун ҳам вилоят маркази — Фарғона шаҳри ёки қўшни туманларга боришга мажбур бўларди. Йўл харажатлари баъзан даволанишдан ҳам қимматга тушар, бу эса одамларнинг вақт ва имкониятларини чеклаб қўярди.
Бугун эса вазият тубдан ўзгармоқда. Эндиликда замонавий клиникалар, дўконлар ва сервис нуқталари орқали аҳоли уйидан чиқмасдан барча имкониятларга эга. Қишлоқ кўчаларида янги дўконлар, сервис нуқталари ва замонавий бинолар қад ростламоқда. Айниқса, катта автомагистраль йўли бўйида жойлашган Тошҳовуз маҳалласидаги ўзгаришлар эътиборга молик. Илгари бўш ётган ер майдонларида бугун 50 турдаги хизматларни қамраб олган тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Натижада 100 га яқин янги иш ўрни яратилди ва хизматлар 24/7 режимида йўлга қўйилди.

— Охирги пайтларда айрим ҳудудларда ўзгаришлар шу қадар тезлашдики, буни ҳар бир қадамда ҳис қилиш мумкин, — дейди Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба бошлиғи Зоҳиджон Солиев. — Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, шунингдек, Учкўприк ва Олтиариқ туманларида бу яққол намоён бўлмоқда. Ҳар бир маҳаллада ўртача 18 турдаги хизмат йўлга қўйилиши натижасида вилоят бўйича 4,5 мингдан зиёд янги шохобча иш бошлади. Энг муҳими, қарийб 20 минг аҳоли бандлиги таъминланди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон аукционлар орқали қарийб 2 мингта лойиҳа амалга оширилиб, енгил ва кўчма сервис объектлари учун 1400 та ер майдони савдога чиқарилди.
Бувайда туманидаги чўл-дашт ҳудудлари ҳам бугун янги қиёфа касб этмоқда. Ёш тадбиркор Бобуржон Акрамзода томонидан қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва қурилиш соҳалари учун 100 га яқин хизмат турлари йўлга қўйилди. Натижада меҳнат миграциясидан қайтган ўнлаб ёшлар иш билан таъминланди.

– Илгари хонадондаги энг оддий таъмирлаш ишлари ҳам катта муаммога айланарди, — дейди Риштон туманидаги “Қошқайрон” МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Мақсуда Эргашева. — Дурадгор, чилангар ёки маиший техника устасини топиш осон эмас эди. Арзимас иш учун ҳам ҳафталаб кутишга тўғри келар, баъзан эса иш битмай қолиб кетарди. Яқинда маҳалламизда аҳоли ташаббуси билан 30 дан ортиқ хизмат турини қамраб олган сервис компанияси иш бошлади. У ерга ўнга яқин уста жалб этилди. Энди темирчилик устахонаси, сартарошхона, пишириқ цехи, савдо дўконлари — барчаси ўзимизда. Бу, албатта, аҳолига катта қулайлик яратди.
Шу билан бирга, хизматлар соҳасидаги ўсиш инфратузилма билан уйғун ривожланиши зарур. Электр таъминоти, сув, интернет ва транспорт тизимларини яхшилаш бу жараённинг ажралмас қисмидир. Агар бу занжирнинг бир ҳалқаси узилса, бутун тизим самараси пасаяди.

Фарғона вилоятида молия, ижара, алоқа ва ахборотлаштириш, транспорт ҳамда таълим хизматларида ўсиш кўрсаткичлари юқори. Дастур доирасида 24/7 режимида ишлайдиган 11 та марказий кўчада умумий қиймати 230,2 миллиард сўмлик 279 та янги объект фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 121 та объект фаолияти кенгайтирилиб, 64 таси туну кун ишлаш тизимига ўтказилди. Масалан, Марғилон шаҳридаги Аҳмад Яссавий кўчасининг 3 километр қисми ҳам замонавий хизмат кўрсатиш ҳудудига айлантирилди. Бу мақсадда 450 миллион сўм маблағ ажратилди. Кўча инфратузилмаси янгиланиб, ёруғлик тизими, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, инфокиосклар, банкоматлар ҳамда бепул интернет майдонлари ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда 160 га яқин тадбиркорлик субъекти 24/7 режимида фаолият кўрсатмоқда.

— Қисқа вақт ичида ушбу кўча ўз номига мос равишда ҳақиқий бўстонга айланди, — дейди қувалик Қаҳрамон Сиддиқов. — Бу ерда яратилган шароитлар шаҳардагидан асло қолишмайди.
Ўтган йил давомида халқаро автомагистраль ва давлат аҳамиятидаги йўллар бўйида 238 та лойиҳа амалга оширилиб, мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса вилоятнинг яна 16 та шаҳар ва туманида биттадан кўчани 24/7 режимида фаолият юритувчи замонавий сайилгоҳга айлантириш режалаштирилган. Бу ташаббус доирасида 229 та янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиб, 450 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, Фарғона вилоятида хизматлар соҳаси изчил ривожланиб, иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар аҳоли ҳаётида қулайлик яратиш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг