Ётоқхонага эҳтиёжи бор талабалар сони 150 мингга яқин – Тошқулов нобуд бўлган 5 нафар талаба воқеаси ва ётоқхоналар муаммосига тўхталди
Ётоқхонага эҳтиёжи бор талабалар сони 150 мингга яқин – Тошқулов нобуд бўлган беш нафар талаба воқеаси ва ётоқхоналар муаммосига тўхталди
«Ҳукумат соати»да депутатлар ОТМ талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилмоқда. Халқ вакилларининг саволларига олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов жавоб бермоқда.
«Куни кеча Юнусободда беш нафар талабанинг, қурилишда ТДЮУ талабасининг нобуд бўлгани ҳаммамизни қайғуга солди. Бунга ким бепарво бўлди, қарамади, ҳаммамизга ёмон таъсир қилди. Мен ҳеч нарсани хаспўшлаб, тараф олишдан эмас ҳақиқий ҳолатни фикрлашиб олишдан манфаатдорман.
Ўзбекистонда барча соҳалар қатори таълим, хусусан олий таълим қайсидир маънода реанимация бўлди десак муболаға бўлмайди. Тўрт йилда 55 та ОТМ қўшилди яъни улар сони 77 тадан 102 тага етди. Қабул квотаси 2,6 баробарга ошди. Талабалар контингенти 640 минг нафарга етди. Бу жуда катта кўрсатгич.
Ўқув бинолари бўйича муаммолар ҳал бўлди, кўплаб коллеж бинолари берилди, янги бинолар қурилди. Лекин битта рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман квоталар, талабалар сони 2 баравардан 3 бараваргача ошган бир шароитда ётоқхоналарнинг ўрин сони шу давр мобайнида атига 25 фоизга ошди. Шунинг учун ҳам жуда кўп талабалар ижарада, қариндошиникида ва кўплаб муаммоларга дуч келди», деди вазир.
Тошқуловга кўра, бугунги кунда республикада бўлган 228 та талабалар турар жойида 58 минг нафар талаба истиқомат қиляпти ва бу мавжуд эҳтиёжларнинг маълум бир қисмини қоплайди, холос. Бугунги кунда ётоқхонага қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149 минг 400 нафарни ташкил этмоқда.
Вазирнинг қўшимча қилишича, талабалар учун қўшимча ётоқхоналар қурилади. 2025 йилгача 6 минг 750 ўринга эга 16 та талабалар ётоқхоналари қурилади. Бу муаммони ҳал этишга вазирликнинг ўз имкониятлари, инвестиция дастурлари доирасида қурилаётган ётоқхоналарнинг сони етмайди. Бу масалада тизимли ёндашув талаб этилади.Тошқулов Президент топшириғига кўра, келгусида ётоқхоналар қурилиши учун давлат субсидияси берилишини ҳам маълум қилди.
Инобат АҲАТОВА,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг