Ёшлар ишлари агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» телеграм канали хабар берди.
Низомга кўра, Агентликнинг қабул қилган қарорлари давлат органлари, бошқа ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Агентлик юридик шахс ҳисобланиб, ўз номи ёзилган ва Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисоб варақларига, банк ҳисоб варақларига эга бўлади.
Агентлик тизимига агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, «Ёшлар медиа холдинги» АЖ киради.
Ҳудудий бўлинмалар (туманлар ва шаҳарлар бўлимлари бундан мустасно) юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритади.
Агентликнинг асосий вазифаларидан бири ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсатини, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ёшлар ишлари агентлиги Президент Фармони билан ташкил этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг