Ёшлар дунёқарашини ўзгартирган ўн кун

14:34 04 Март 2020 Жамият
983 0

Республикамизда ёшларга эътибор ҳар доимгидан ортиб бормоқда. Уларнинг билим олишлари, иқтидорини, қобилиятини ифода этишлари учун барча шароитлар яратиляпти. Андижон вилоятида “Келажак бугундан бошланади, биз ёшларимизга ишонамиз!“ шиори остидаги лойиҳанинг амалга оширилиши бу борадаги ижобий ишлар ифодасидир. Лойиҳанинг биринчи босқичида мавжуд 7 нафар вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари вазифасига ўн кун муддатга ёшлар вакиллари тайинланган эди. 

Бу каби ташаббус ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасидан етук кадрларни танлаб олиш ва тайёрлашга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда бўлиб ўтган ёшлар билан учрашуви жараёнида: “Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир”, – деган эди.

Андижон вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган лойиҳанинг иккинчи босқичи ўз якунига етди. Унда иштирок этган 253 нафар бўлғуси тиббиёт ходимлари вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасаларида вақтинчалик раҳбарлик вазифасида фаолият юритдилар. Натижа қандай? Лойиҳадан кўзда тутилган мақсадга эришилдими?

-Отам шифокор бўлгани боис унинг машаққатларини яхши биламан, -деб ўйлар эдим,-дейди Андижон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасида амалиёт ўтаган Абдулазизи Солиев. –Шу сабаб тиббиёт институтига кириб, ўқимоқдаман. Бироқ, мана шу ўн кун менинг ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Боиси, орзу-ҳавас, ўқиш бошқа, иш, ҳаёт бошқа экан. Шу кунларда хаёл-фикрларим остин — устун бўлиб кетди. Шифокорлик эгнига оппоқ халатни кийиб олиб, беморларнинг соғлигини назорат қилишдангина иборат эмас экан. Энди мен аниқ биламан, бу касб эгалари ҳар куни китоб ўқиши, билимини бойитиши, беморларни ҳис қилиши, уларнинг дардини ўз дардидек қабул қила олиши керак экан.

-Бош шифокорлик ҳаловатидан кечиб, ўзгалар манфаати учун хизмат қилиш экан,-дея суҳбатни давом эттиради Асака тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазифасини вақтинча бошқарган Ҳожиакбар Иминов. –Шифокорлар тунги 1:00 бўладими, тонгги 4:00 бўладими, ҳар доим, ҳар дақиқада сергак бўлиши, уйқусидан кечиб бемор учун ёрдамга шай ҳолатда туриш, дегани экан. Дунёда бир нафар бемор қолса ҳам билингки, шифокорнинг хотиржам ухлашга ҳаққи йўқ экан. У нафақат, шифохонада даволанаётган, балки уйига рухсат бериб юборилган беморнинг ҳам саломатлигига масъул.

Кўриб турганингиздек, атига ўн кунлик фаолият бўлажак шифокорларнинг дунёқарашини, тиббиёт соҳасига оид тушунчаларини мутлақо ўзгартириб юборди. Энди улар яхши билади, келгусида ушбу соҳада қандай фаолият юритиш кераклигини. Аслида лойиҳадан кўзда тутилган мақсад ҳам шу эди.

Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер