Ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев ва Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиевлар Чилонзор тумани сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида туман ёшлари билан учрашишди.
Дастлаб, туман ҳокимлиги биносида Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раҳбарияти, 300 дан ортиқ фаол ёшлар иштирок этган самимий руҳда ўтган учрашувда ёшларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди, уларнинг таълим, спорт, тадбиркорлик, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муаммо ва таклифларини ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Хусусан, таэквандо бўйича Ўзбекистон чемпиони К.Абдурасулованинг халқаро мусобақага бориш харажатларини қоплашда ёрдам бериш, талаба А.Илясовнинг имтиёзли кредит ажратиш ҳақидаги илтимослари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этиб бериладиган бўлди.
Учрашув сўнгида, кўзга кўринган ютуқларга эришган ўн нафар иқтидорли ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Бир гуруҳ ёшларнинг Абдулла Қодирий уй-музейига саёҳати ташкил қилинди.
Шунингдек, Чилонзор коворкинг марказида Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида икки нафар ёшлар муддатидан аввал жазодан озод этиш ҳақида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. UNICEFнинг “Жиноят содир қилган вояга етмаган шахсларни жиноий таъқибдан чиқариш” бўйича намунавий лойиҳаси доирасида туман ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар идоралараро комиссияси қошида тузилган ишчи гуруҳ фаолияти билан танишилди.
Бундан ташқари, коворкинг марказида “ёш стартаперлар” билан учрашув ўтказилиб, уларнинг стартап лойиҳалари билан танишилди, лойиҳаларни амалга ошириш учун ёшларга ҳар томонлама кўмак беришга келишилди.
Давлат хизматлари марказида ёш тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди ҳамда тадбиркор бўлиш истагини билдирган ёшлар билан “Тадбиркор бўлиш учун қўлланма” ўқув семинари ўтказилди.
Шунингдек, тумандаги 217-сонли мактабда 5 та ташаббус доирасида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишилиб, мактабга телевизор, мини-печь ва тикув машинаси совға қилинди.
Тумандаги мактаблар ўқувчилари ўртасида волейбол бўйича “прокурор кубоги” мусобақасининг финал беллашувлари ўтказилиб, илк учта ўринни эгаллаган 90, 188, 280-мактаб жамоаларига кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти академик лицейида Миллий гвардия Чилонзор тумани бўлими ҳарбий хизматчиларининг “Ватаннинг содиқ фарзандлари” номли махсус жанговар тайёрлик машғулоти ҳамда ҳарбий техникалар намойиши ташкил қилинди. Тадбир якунида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун Миллий Гвардия Чилонзор туман бўлинмаси оддий аскари М.Мамасолиев ва катта сержант Н.Турсунқуловларга фахрий диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Чилонзор тумани ёшлари билан учрашувлар якунида 188-мактабнинг уйда таҳсил олувчи 5-синф ўқувчиси, автоҳалокат натижасида ногирон бўлиб қолган М.Абдужабборованинг уйига борилиб, унга шахсий компьютер совға қилинди ҳамда кейинчалик мунтазам хабар олиб турилиши белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг