Ёши улуғларни йўқлашнинг савоби улуғ

12:06 07 Октябр 2021 Жамият
2578 0

Фото: Қудратилла Нажмиддинов / Халқ сўзи

Мамлакатимизда давом этаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги хайрли тадбирлар Наманган вилоятида ҳам кенг жамоатчилик томонидан уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган отахон-онахонлар хонадонига йўқловлар чоғида кўрсатилаётган меҳр-оқибатдан, тақдим этилган туҳфалардан кўнгиллар тоғдай ўсмоқда.

Мингбулоқ туманидаги Ўрта қишлоқ маҳалласида яшовчи Ибодатхон буви Каримова 106 ёшга кирди. Куч-қувватга тўла йиллари далада оғир меҳнатда ўтган онахон бугун фарзандлари, невара-чевара ва яқинлари меҳри оғушида кексалик машаққатларини унутган. Туман ҳокимлиги вакиллари йўқлаб кирган куни онахоннинг эҳтиромдан дили янада яйраб кетди. Давлатобод тумани Ўрта Ровустон маҳалласида умргузаронлик қилаётган Қумрихон ая Иномова ҳам Ибодат буви билан тенгдош. Онахоннинг ҳолидан маҳалла фаоллари ҳамиша бохабар.

Вилоятда ҳафталик доирасида кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари, авлодлар учрашуви, шахмат-шашка мусобақалари ташкил этилмоқда. Элликдан зиёд кексалар пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғига саёҳатга юборилди. Чуст туманидаги бир қатор мактабларда юзлаб ўқувчилар “Бобомнинг айтишича” мавзусида иншо ёзган бўлишса, Мингбулоқ туманида “Саломатлик учун беш минг қадам” акциясига чиққан нуронийларнинг аксари ҳамон бардам эканликларини кўрсатишди.

– 288 нафар ёлғиз кексаларга 30 нафар ходимимиз патронаж хизмати кўрсатади, - дейди Наманган вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси Тўрақўрғон туман бўлими раҳбари Саноат Қудратиллаева. – Жорий йилнинг ўтган ойларида 120 га яқин эҳтиёжманд инсонларга реабилитация воситалари етказиб берилди. “Кексалар ҳафталиги”да ёши улуғ отахону онахонларни йўқлаш янада фаоллашди.

Вилоятда ҳафталик тадбирлари қизғин давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер