Ёш раҳбар кадрлар бугуннинг талабига жавоб берадими?
Иллюстратив фото
Ўз ишига виждонан ёндашмаслик, ваколатларини тўлиқ ишга сола олмаслик, муҳим қарорларни қабул қилишда ўзига ишончнинг етарли эмаслиги, давлат хизматчиси масъулиятини ҳис қилмаслик ёки унинг мезонларидан умуман бехабарлик. Айрим ёш бошқарувчиларга хос бу камчиликлар “Ўзбекистонда ёш раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтириш: муаммо ва камчиликлар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси доирасида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, академия қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳада мавжуд муаммолар ва уларнинг амалий ечимларини топишга эътибор қаратилди.
Мутахассислар томонидан қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда ўзининг шахсий фикри, принциплари ва соҳага янгича ёндашуви бўлган ёш раҳбар кадрларни масъулиятли лавозимларга тайинлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Халқимизнинг катта қисми, яъни 17 миллион аҳолисини айнан ёшлар ташкил этиши ҳам, замонавий етакчилардан ҳар томонлама билимли ва ташаббускор, энг аввало, ўз ишига нисбатан фидокорона ёндашувни талаб этади. Ёшлар уларга билдирилган юксак ишончни оқлай оляптими? Уларнинг раҳбарлик ва етакчилик қобилиятини ишга солиш, тарбиялаш ва шакллантириш учун қандай ишлар олиб бориляпти ва бунинг самарадорлиги қай даражада? Конференцияда шу каби саволлар ўртага ташланди.
— Институтимиз ўз фаолиятини бошлаганига бир ярим йил бўлди ва ўтган давр мобайнида айнан ёш раҳбарлар ўртасида жуда кўплаб сўровномалар ва тадқиқотлар олиб борилди, — дейди Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори, сиёсатшунослик фанлари доктори Актам Жалилов. — Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ёш раҳбарларимиз давлат хизматчиси деган масъулиятни тўлиқ бўйнига олмаяпти. Жамоани бошқаришда маъмурий, яъни, қаттиққўллик билан бошқариш, ходимларни қўрқитиш орқали ишга солиш ҳоллари кузатиляпти. Аксарият ҳолларда бу уларда бошқарувчилик билим ва кўникмаларининг етарли эмаслиги билан ҳам боғлиқ. Замонавий бошқарувда бу каби маъмурий усуллар эмас, лидерлик, етакчилик, жамоа билан ишлаш, ходимларни мақсадли ишлашга ўргатиш, ўзининг илғор ғоялари ортидан эргаштира олиш каби илғор усуллар устувор. Бугунги кун ёш раҳбарлар олдига ўз ишига ана шундай инновацион ва ғоявий устунлик орқали ёндашувни талаб қилмоқда. Конференция натижаларига кўра, институтнинг тингловчиларни қабул қилиш қамровини янада ошириш, раҳбарлик салоҳияти юқори ёшларнинг замонавий лидерлик кўникмаларини тарбиялашда янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Конференцияда қатнашган амалиётчилар ва олимлар бу борада қилинаётган ишлар таҳлили ҳамда яқин истиқболда ишга солиниши лозим бўлган тадбирлар хусусида тўхталиб ўтишди. Айни пайтда ёш раҳбар кадрлар олдида турган ижтимоий тўсиқлар ва уларнинг мақбул ечимлари ўрганилди. Ёш истиқболли кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда раҳбар лавозимларига тавсия қилишда хориж тажрибасини ўрганиш бўйича мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир ташкилотчилари Россия Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси Сибирь бошқарув институтида фаолият олиб бораётган ҳамкасблари билан онлайн мулоқот ташкил этишди. Унда соҳадаги янгиликлар ва халқаро мезонлар юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг