Яширилган бола кийим жавонидан топилди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яхши орзу-умидлар билан қурилган бир оилага дарз кетди, ёш келин-куёвнинг йўллари айро тушди. Турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари билан доимий келишмовчиликлар сабабли келин ота уйига кетишга мажбур бўлди. У қизалоғи ўзи билан бирга бўлишини истарди. Бироқ бола онасидан узоқлаштирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судида болани олиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси тарафлар ва холислар иштирокида кўриб чиқилди. 2015 йилда туғилган Севара она меҳри ва тарбиясига муҳтожлиги инобатга олинган ҳолда суднинг ҳал қилув қарори билан уни онасига қайтариш бўйича ажрим қилинди. Суднинг ижро ҳужжати МИБнинг туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди. Бироқ қизалоқ отаси томонидан бошқа манзилда яширилиб келингани сабабли вояга етмаган бола қидируви эълон қилинди.
МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Термиз шаҳар Наврўз маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирида қизалоқ отаси билан яшаётгани аниқланди. Уй эшиги ихтиёрий равишда очилмаганидан кейин холислар иштирокида мажбурий тартибда очилди. Кийим жавонида яширилган бола топилиб, соғ-саломат онага қайтарилиши таъминланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг