Япония таълим ташкилоти Ўзбекистонда университет очишни режалаштирмоқда
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов 15 сентябрь куни «Яманаси Гакуин» таълим компанияси бошқарувчилар кенгаши аъзоси Ж.Ямада билан учрашиб, Ўзбекистонда университет очиш бўйича кейинги амалий қадамларни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Учрашувда қонунчилик базасини яратиш ва Ўзбекистонда университет ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Университет фаолиятининг биринчи босқичида бизнес, амалий технологиялар, авиация ва архитектура бўйича бакалавр ҳамда магистр дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундай тузилма дастлабкиси бўлиб, кейинги музокаралар жараёнида Ўзбекистон томони билан муҳокама қилинади ва келишиб олинади. Таклиф этилаётган мавзулар ва мутахассисликларни Ўзбекистон иқтисодиёти эҳтиёжларига қараб кенгайтириш кўзда тутилган.
Тадбир якунида эпидемиологик вазият яхшилаганидан сўнг Япония университети вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва лойиҳа билан боғлиқ барча масалаларни муҳокама қилишга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг