Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги раҳбарияти билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) катта вице-Президенти Сачико Имото бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирнинг ўринбосарлари Ахадбек Ҳайдаров ва Жасур Қаршибоев иштирок этди. Хорижий томондан JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми, унинг ўринбосарлари Кенжи Мишима ва Коки Сера ҳамда бошқа хорижлик меҳмонлар иштирок этишди.
Учрашувда томонлар жорий лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда истиқболли лойиҳаларни сифатли тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш, ирригация, шунингдек, ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши соҳаларида давлат дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Айни пайтда Агентлик томонидан Ўзбекистонда таълим, энергетика, соғлиқни сақлаш, чорвачилик, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда 7 та кредит лойиҳаси ва 16 та грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон JICA билан узоқ муддатли ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Сачико Имото, ўз навбатида, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли соҳаларда фаол ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Маълумот учун: Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Япония ҳукуматининг Ривожланиш учун расмий ёрдам (ОДА) дастурини амалга оширувчи ташкилотлардан бири ҳисобланади. Агентлик ривожланаётган мамлакатларнинг мустақил ва барқарор ривожланишини илгари суриш мақсадида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва инсон ресурслари салоҳиятини оширишга кўмаклашади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг