Янгиланган Конституция – ортга қайтмас ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати
2023 йил 19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ёшлар масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда «Янгиланган Конституция – ортга қайтмас ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Конституциямиздаги ижтимоий соҳа, айниқса, ёшларга оид муҳим ўзгариш ва янгиликлар ҳақида кенгроқ маълумотлар берилди. Конституция давлат ва жамият, фуқаро ўртасида тузилган муҳим шартнома эканлиги, бу шартнома икки томон талабларига мос бўлиши, ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши кераклиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилиниб, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортди. Масалан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, одамларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширишга хизмат қилади.
Бош қомусимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар ҳам янада такомиллаштирилди. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.
Шунингдек, янгиланган Конституцияда ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилди. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланди.
Бу ҳозирнинг ўзида 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади, дегани. Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келадики, айни харажатлар учун ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.
Тадбирда депутатлар Бош қомусимизда Оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилганлигини, Давлат ёшларда қадриятларимизга содиқлик, ватанпарварлик туйғуларини шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шу билан бирга, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилди. Давлат шу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқдаки, мазкур нормалар, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун муҳимдир.
Сўз олганлар янги таҳрирдаги Конституцияда олий таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани, жумладан, олий таълим муассасалари мустақиллиги, академик ва молиявий мустақиллик, уларнинг ўқув дастурларини белгилаш масалалари, фуқароларимиз танлов асосида давлат ҳисобидан таълим олиши мумкинлиги тўғридан-тўғри белгилаб қўйилганини мамнуният билан қайд этдилар. Ушбу моддаларнинг киритилгани келгусида таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Президентимизнинг «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, Янги Конституциямиздаги нормалардан келиб чиққан ҳолда, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг