Деҳқонободда 4 ой ичида 9 та кўприк қуриб битказилди
Фото: Халқ сўзи
2022 йил баҳоридаги кучли ёғингарчилик натижасида Деҳқонобод туманидаги Кичик Ўра дарёси ўзанидан тошиб, туманнинг Чамбил, Белибойли ва Оқтош маҳаллаларидаги бир нечта кўприкларни ювиб кетган эди.
- Аслида бу кўприкларнинг аксарияти 40-50 йил аввал ҳашар йўли билан қўлбола усулда қурилган, хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермасди, - дейди туманнинг Оқтош маҳалласи Терской қишлоғилик Равшан бобо Тўраев. – Дарёнинг у томонидан бу томонига амал ўтиб қайтиб турган айна шу кўприкларимизни ҳам сел олиб кетгач, ҳақиқий қийинчилик бошланди.
Ўз навбатида аҳоли бу муаммо ҳақида масъул ташкилотларга ҳам кўп бора мурожаат қилган. Натижада туман ҳокимлиги томонидан муаммонинг кўламига тўғри баҳо берилиб, ушбу маҳаллаларда мустаҳкам ва замонавий кўприкларни қуриш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборилади.
- Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, Чамбил, Белибойли ва Оқтош маҳаллаларидаги сел ювиб кетган кўприклар ўрнида 4 ой ичида 9 та замонавий, мустаҳкам кўприклар барпо этилди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Шердил Эргашев. - Шунингдек, Белибойли, Бошчорбоғ, Бойқўрғон, Чилгаз ҳамда Торқопчуғай қишлоқларида яна 5 та шундай кўприкалар барпо этишни режалаштирганмиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг