«Янгийўл»даги янгиланмаётган эски муаммолар
Фото: "Халқ сўзи"
Фарғона вилояти Риштон тумани «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қурила бошлаганида, айниқса, тураржойга муҳтож оилалар жуда ҳам қувонган эди. Айни пайтда бу ерда қад ростлаган ана шу уйларда юз оилада истиқомат қилади. Бундан уч-тўрт йил олдин бир олам орзулар билан ушбу хонадонларга кўчиб ўтган оилаларнинг бугун уйлари эскирди, муаммолари эса ўша-ўша, эскирмади.
— Янги уйларга кўчиб келган ёш оилалар учун энг катта муаммо ишсизлик, — дейди «Янгийўл» МФЙ раиси Жамолиддин Қосимов. — Дастлаб бу ерда тикувчилик цехи бунёд этиш режалаштирилган эди. Аммо марказдан узоқда бўлгани учун ҳеч бир тадбиркор ушбу лойиҳага пул ажратишни хоҳламади.
Ҳар бир оилага деҳқончилик қилиши учун қўшимча 2 сотихдан томорқа ери берилган. Аммо ердан унумли фойдаланишнинг имкони йўқ. Чунки маҳалла кўчаларига бетон қувурлар ётқизиб, ариқ орқали сув олиб келиш режаси ҳам чала қолиб кетди. Баъзи оилалар ичимлик сувидан фойдаланиб бўлса ҳам томорқадан ҳосил олишга ҳаракат қилиб кўришди. Лекин ичимлик суви ёрдамида ерни суғориш жуда қийин масала.
Шу маҳаллада яшовчи Ирода Исроилова, Одилжон Ортиқов, Жакбарали Боймирзаев улар учун энг оғриқли муаммо — ишсизлик эканини таъкидлаб, ҳеч бўлмаса деҳқончилик қилиб тирикчилик ўтказишга шароит йўқлигидан куйиндилар. Шу боис аксарият оилалар уйнинг ойлик кредит тўловини тўлаш мақсадида кунлик ва мавсумий ишлар излаш билан умр ўтказмоқда.
Мутасаддилар эса ваъда беришдан асло чарчамаяпти!
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг