Янги таҳрирдаги туризмга оид қонун лойиҳасида нималар акс этмоқда?
Депутатлар 9 октябрь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг мажлисида янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Айни пайтда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бирига айланиб бораётган туризмни жадал ривожлантириш учун ҳар томонлама пишиқ ва мукаммал бўлган ҳуқуқий асос зарур. Бундан 19 йил аввал қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бугунги давр талабларини бажара олмаётгани бор гап. Бу ҳақда қуйи палатанинг Матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи ўқишда депутатлар эътиборига ҳавола этилган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эса, депутатларнинг таъкидлашича, юртимизда замонавий, юқори самарали ва рақобатбардош туризм тармоғини шакллантириш учун ҳуқуқий шароитлар яратишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ташкилий шароитлар яратиш, туризм жабҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги, аниқлиги ва мослашувчанлигини таъминлаш, шунингдек, туризм соҳаси субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни шакллантириш ҳисобига барча даражадаги бюджетларга туризмдан тушадиган даромадларни ошириш, қонунларимизни туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан уйғунлигини таъминлашга қаратилган нормалар акс эттирилмоқда.
Депутатлар томонидан қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан туризм фаолияти субъектларининг ҳуқуқий ҳолати аниқлаштирилади, давлат ҳокимияти органининг туризмни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини оширишга олиб келади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг