Янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонунга қандай янгиликлар киритилган?
Фото: Акмал Муҳаммадов, «Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Олий Мажлис Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари раислари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилаётган масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Пробация тўғрисида”ги ҳамда “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Таъкидланганидек, сўнги пайтларда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлмоқда. Мазкур ҳолат нафақат бизнинг балки, бутун дунёнинг долзарб муаммосига айланиб улгурган.
Бугунги даврнинг ўзи соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишни ҳамда уни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилган. Қонундаги энг муҳим янгиликлардан бири кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда тўхтаб туриш жойларини қуриш ва атроф муҳит, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Қонунда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, йўлларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланмоқда.
Мазкур Қонун йўлларда юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини тўғри ва тизимли йўлга қўйиш, мутасадди органлар ўртасида самарали ҳамкорликни жорий қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Мажлис давомида Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган бошқа қонунларга тўхталиб ўтилди.
Муҳокамалар якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг