Янги табақалашган тариф орқали йўловчиларга бир қатор қулайликлар яратилди

17:24 02 Ноябрь 2023 Жамият
350 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда пойтахт йўлларида хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш борасида жамоат транспорти ҳаракатини замонавий мезонлар асосида такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.  

Айни жараёнда жамоат транспортида тўловлар шаффофлигини таъминлаш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва автоматлаштирилган тўлов тизимини ривожлантириш мақсадида янги, қўшимча ва рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилди.

— Шу йилнинг 1 ноябридан Тошкент шаҳар жамоат транспорти йўналишлари, яъни автобус ва метрополитенда қатновларни амалга ошириш учун чекланган тариф икки минг сўмни, қатнов учун бир марталик тўлов электрон тўлов тизими – банк карталари ҳамда АТТО транспорт картаси орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – бир минг етти юз сўмни ташкил этиши белгиланди,—дейди Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев.

Ўз навбатида янги табақалашган тариф режаларига кўра, транспорт карталаридан (АТТО) фойдаланган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар жорий этилди. Шу асосда бир соат ичида биринчи автобусда тўлов 1 минг 700 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўмни, бир соат ичида метродаги тўлов 1 минг 700 сўмни, биринчи автобусда тўлов 1 минг 100 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, бир соат ичида биринчи автобусда тўлов 1 минг 700 сўмни, метродаги тўлов 1 минг 100 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўм бўлади. Бу борада йўловчи биринчи транспортга чиқишида тўлов қилинган вақтдан бошлаб ҳисоб даври бошланади.

Бир соатлик тарифда метродан фақат бир марта фойдаланишга рухсат этилади. Иккинчи марта метродан фойдаланганда 60 дақиқалик ҳисоб даври янгидан бошланади. Шу билан бирга қўшимча равишда йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда кунлик, бир, уч ва олти ойлик ҳамда йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер