Янги сайланган беш давлат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари ўринини эгаллади
Жорий йил 1 январдан бошлаб Малта, Мозамбик, Швейцария, Эквадор ва Япония икки йил давомида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари ўрнини эгаллади.
Кеча БМТ бош қароргоҳида Хавфсизлик Кенгашининг янги сайланган беш нафар доимий бўлмаган аъзолигига танланган давлатларнинг байроқларини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди.
Япония январь ойида Хавфсизлик Кенгашига раисликни ўз зиммасига олди.
Хавфсизлик Кенгаши 15 та давлатдан иборат бўлиб, улардан бештаси — Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Франция Кенгашнинг доимий аъзолари ва вето ҳуқуқига эга. Кенгашнинг 10 нафар доимий бўлмаган аъзоси икки йил муддатга сайланади. Улардан бештаси ҳар йили алмашади.
Номзодлар бешта минтақавий гуруҳ — Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси, Шарқий Европа, Осиё-Тинч океани, Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар томонидан кўрсатилади.
Малта, Мозамбик, Швейцария, Эквадор ва Япония 2021 йилда сайланган доимий бўлмаган Кенгаш аъзолари — Албания, Габон, Гана, Бразилия ва БАА қаторига қўшилди. Янги сайланган доимий бўлмаган аъзолар Ҳиндистон, Ирландия, Кения, Мексика ва Норвегия ўрнини эгаллади.
БМТга Низомига кўра, Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун асосий жавобгардир. Хавфсизлик Кенгаши БМТнинг ягона органи бўлиб, унинг қарорлари ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий ҳисобланади.
Расмий байроқ кўтариш маросими БМТда нисбатан янгилик ҳисобланади. У илк бор 2018 йилда Қозоғистон ташаббуси билан ўтказилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг