Янги Наманган туманида аёллар учун кафолатланган даромад манбаи яратилмоқда
Туман аҳолисининг ярмига яқинини ташкил этадиган ушбу қатлам ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хусусан, улар орасидаги муқим меҳнат ўрни ва доимий даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизлар муаммоларини бартараф этишда “Аёллар дафтари” имкониятларидан оқилона фойдаланилаётганлиги ўз самарасини бермоқда. Бунда биринчи навбатда уларни касбга ўқитиш ва қобилиятига яраша иш ўрнига жойлаштириш, зарур ҳолларда ўзини ўзи банд қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ёшлик маҳалласида жойлашган Достон кўчасида яшовчи Феруза Раҳимова маҳаллий ҳокимиятнинг амалий кўмаги билан оилавий аҳволини яхшилаб олганлардан бири. Қарамоғида уч нафар фарзанди билан рўзғор тебратиб келаётган аёлнинг турмуш ўртоғи ўн йил аввал вафот этган бўлиб, Феруза фарзандларига ҳам она, ҳам ота бўлиб қолган эди. Ёлғиз она 2023 йилда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилди ва шаҳардаги касбга ўргатиш мономарказига ҳунар эгаллаш учун йўлланди. Қисқа муддатли курсни тугатганидан сўнг субсидияга тикув машинаси олиб берилди.

— Аёл кишининг қўлида ҳунари бўлсин экан, шунда рўзғор юритишда яхшигина ёрдамчига айланади, — дейди Феруза опа. — Кеч бўлсада мономарказда тикувчиликни ўрганганим ҳаётимизни анча ўзгартирди. Ҳозирда аёллар учун либослар, парда, дастурхон, чойшаб каби маҳсулотлар тикиб, даромад топяпман.
— Ўтган йили “Аёллар дафтари”да қайд этилган хотин-қизларнинг барчасини рўйхатдан чиқаришга эришдик, — дейди Янги Наманган тумани хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулчеҳра Охунова. — Уларнинг 698 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 140 нафарига субсидия асосида зарурий иш анжомлари олиб бердик. 428 нафарига эса имтиёзли кредит ажратилди. Бугун бу опа-сингилларимизнинг барчаси кафолатланган даромад манбаига эга. Ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳам ошган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг