“Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаларига водий вилоятларида ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда

18:17 14 Ноябрь 2023 Жамият
434 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “Yangi nafas” спорт оммавий югуриш мусобақасига тайёргарликнинг боришига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, масъул мутасадди ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, блогерлар иштирок этишди.

Анжуманда сўз олган ҳар уч вилоятнинг масалага дахлдор мутасаддилари жорий йилнинг 19 ноябрь куни ўтказиладиган оммавий югуриш мусобақаларини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича ўз ҳудудларида олиб борилаётган ҳозирлик ишлари ҳақида ахборот бердилар.

Тадбирда таъкидланганидек, тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган ва соғлом турмуш тарзи асоси бўлган оммавий югуриш мусобақаларига юртдошларимизнинг қизиқиши тобора ортиб бораётир. Буни, жумладан, ўтган вақт ичида мамлакатимизда унинг қатнашчилари қарийб ўн бараварга ортганида кўриш мумкин. Келаётган якшанбада бўлиб ўтадиган югуриш   баҳсларида 150 мингга яқин ҳамюртларимиз 14 ҳудуднинг 16 та шаҳрида белгилаб қўйилган уч километрлик масофани босиб ўтадилар. Водий вилоятларининг ҳар бирида ўн мингдан фуқаро югуришга чиқади. Айни пайтда тадбирнинг барча босқичларини сифатли тайёрлаш бўйича шаҳар ҳокимликлари ва ваколатли бошқармалар иштирокида ташкил этилган тезкор штаблар фаол иш олиб бормоқда. Жойларда фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган йирик спорт тадбирига кенг жалб этиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари қизғин олиб борилаётир.

— Миллат соғлиғини мустаҳкамлаш, фуқароларни жисмоний чиниқтиришга хизмат қилувчи оммавий югуриш мусобақалари чинакам спорт байрамига айланади, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев. — Унда иштирок этиш истагидаги фуқаролар сони кундан-кунга кўпаймоқда. Энг фаол югурувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Маррага барвақт етиб келганларнинг ҳар бирига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилади.

                                                                    Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер