Янги МТТ биноси болажонлар ихтиёрида
Самарқанд вилоятига 2023 йилдаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун давлат бюджетидан 2,1 трлн. сўм ажратиш белгиланган.
Ушбу маблағнинг 394,9 млрд. сўми маҳалла инфратузилмаларини яхшилаш бўйича давлат дастурига, 1,1 трлн. сўми инвестиция дастури, 273,5 млрд. сўми “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 1-мавсумига ҳамда 273,5 млрд. сўми махсус дастур ҳисобига тўғри келади.

Дастурлар доирасида 2,1 трлн. сўм маблағга 1424 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 1,8 трлн. сўм молиялаштирилди ҳамда 1,7 трлн. сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда 1247 та (88 фоиз) объектлар фойдаланишга топширилди.
Куни кеча Пайариқ тумани “Янгиобод” маҳалласидаги 12-мактабгача таълим ташкилотининг 200 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур бинода замон талабларига мос тарзда жиҳозланган машғулот хонаси, мудира хонаси, ҳамшира хонаси, ошхона, ошпазлар хонаси, болалар ётоқхонаси ва инглиз тили, рус тили хонаси, психолог, логопед ҳамда алоҳида методист хоналари мавжуд. Бундан ташқари ташкилот ҳовлисида болалар ўйин майдончалари ва қум майдончалари ташкил этилган.
Мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг очилиш маросимида туман ҳокимилиги, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда сўз олганлар, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишни янада яхшилаш, уларнинг тўлақонли ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш ва ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш олдимизга қўйилган энг долзарб вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, ушбу мактабгача таълим ташкилоти ҳам 2023 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсумида ғолиб ташаббуслар қаторидан жой олди ва тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, болажонларни ихтиёрига топширилди.
Шу ўринда айтиш керакки, “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 1-мавсум Дастури доирасида вилоятда 273,5 млрд. сўм маблағ эвазига 290 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 241,7 млрд. сўм молиялаштирилди ҳамда 229,2 млрд. сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг