Янги иқтисодий фаоллик аҳоли бандлигини таъминлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда
Камбағалликни қисқартириш, аҳолини барқарор иш билан таъминлаш ҳамда даромад манбаларини кўпайтириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Натижада биргина 2025 йил давомида 5 миллиондан зиёд фуқаро даромадли меҳнат билан таъминланди. Уларнинг катта қисми доимий иш жойига эга бўлди, минглаб инсонлар тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз меҳнат бозорида янги иқтисодий фаоллик шаклланаётир. Аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бу жараёнда муҳим ўрин тутди. Мазкур дастур доирасида юз минглаб оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилди, ҳар бир оила учун аниқ ривожланиш режалари ишлаб чиқилди. Бунинг ҳисобига юз минглаб хонадонлар даромадини оширишга қаратилган хизматлар билан қамраб олинди. Айниқса, маҳаллаларда амалга оширилган микро лойиҳалар кўплаб оилалар учун қўшимча даромад манбаига айланди.
Ҳудудларда инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар ҳам аҳоли турмушига бевосита таъсир кўрсатди. Илгари сув таъминоти муаммоли бўлган маҳаллаларда суғориш тизимлари барпо этилгач, юз минглаб хонадонларга обиҳаёт кириб борди. Бу эса деҳқончилик ва томорқа хўжалиги юритиш имкониятларини кенгайтирди.


— Камбағалликни қисқартириш фақат ижтимоий ёрдам билан чекланиб қолмайди. Асосий мақсад инсонларнинг ўз меҳнати орқали барқарор даромад топишига шароит яратишдир, — дейди вазирликнинг Аҳоли бандлиги департаменти бошлиғи Собир Хайтмуратов. — Шу мақсадда кооперативлар ташкил этилди, ер майдонлари ижарага берилди, ёшлар электрон тижорат каби замонавий соҳаларга ўқитилди. Бу ташаббуслар юз минглаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришларни бошлади.
Матбуот анжуманида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли томорқалари хатловдан ўтказилиб, ҳар бир маҳаллага агрономлар ва тажрибали деҳқонлар бириктирилгани, айниқса, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили амалга кенг татбиқ қилингани қишлоқ иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Вазирлик томонидан 2026 йилда янада катта мақсадларни кўзламоқда. Камбағаллик даражасини сезиларли қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, миллионлаб инсонлар даромадини ошириш вазифаси белгиланган. Минтақаларда янги иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик молиявий ресурслар йўналтирилиши режалаштирилган.
— Бизнинг асосий вазифамиз — одамларнинг меҳнат қилиб яшаши учун шароит яратиш. Маҳаллада иқтисодий фаоллик кучайса, ҳар бир оила ўз келажагига ишонч билан қарайди, — дейди вазирнинг биринчи ўринбосари Марат Жўраев.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллаларда бошланган иқтисодий фаоллик, тадбиркорликни рағбатлантириш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу жараён одамларнинг ҳаётида реал ўзгаришлар пайдо қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг