Янги дарсликлар учун мультимедиа иловалари яратилди
Фото: Иллюстратив cурат
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан 2021-2022- ўқув йили учун тайёрланган дарсликлар билан бирга фойдаланиш учун мультимедиа иловалари ҳам яратилди.
Мультимедиа иловаси — бу расм, овоз, анимация ва видеонинг битта дастурий таъминотга жойланишидир.
Иловалар 1-2-синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Она тили ва ўқиш фанидан мультимедиа, математика дарслиги учун таълимий ўйинлардан иборат, мусиқа, тасвирий санъат, Ўзбек тили дарсликлари учун Ар иловалари ишга туширилди. Хорижий тил дарсликлари учун эса махсус сайт фаолияти йўлга қўйилди.
Мультимедиа иловаларидан фойдаланишнинг қандай афзалликлари бор?
Тадқиқотларга кўра, мультимедиани ўрганиш миянинг оғзаки ва визуал тасвир ўртасида алоқа ўрнатиш қобилиятини ривожлантиради. Бу эса ўрганилаётган ҳодисани чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. Ваҳоланки, ўқувчиларни юқори даражадаги фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва ҳамкорлик қилиш қобилиятлари талаб қилинадиган келажакка тайёрлайди.
Компьютерлар, планшетлар, смартфонлар ва интернет билан ўқувчилар бугунги кунда ўзларига керакли маълумотларни қидириш ва топиш учун ҳар қачонгидан ҳам яхши қуролланган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, интернетга кириш имконига эга бўлган ўқувчиларнинг 95 фоизи ундан маълумотларни онлайн қидириш учун фойдаланади. Маълумотларни топиш имкони бугунгидек хилма-хил бўлганда эса ахборот алмашиш ва синф муҳокамаларида қатнашиш янада самарали амалга оширилади.
Мультимедиа ёрдамида болалар ҳеч қачон бўлмаган жойларни ўрганишлари мумкин. Ўқувчилар дунёнинг турли шаҳарлари, энг баланд тоғлари ва энг хавфли ўрмонлари билан танишишлари, коинот ва сайёраларни тадқиқ қилишлари, турли ҳайвонларнинг қандай яшашини, ўсимликларнинг ривожланишини ўрганишлари мумкин.
Мультимедиа иловаларидан фойдаланишнинг бу қулайликлари бир бўлиб ўқувчининг шахс сифатида ўсишига бевосита таъсир қилади. Шу сабабли, EdTech бизнесининг ривожланиб бораётгани ва мактаблар ўз ўқувчилари учун мультимедиа ўқув муҳитини яратишни хоҳлаши ажабланарли эмас.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг