Янги боғчада нега бола кам..?

19:13 15 Февраль 2022 Жамият
1360 0

Фото: Халқ сўзи

Ғалати парадокс: Ширин шаҳрида янги, ниҳоятда кўркам ва замонавий бир боғча бор, аммо уни имконияти даражасида тарбияланувчилар билан тўлдириш муаммо бўлиб турибди. Нега?

Нуробод — Ширин шаҳри ва Ховос тумани туташган ҳудуддаги маҳалла. Яқин йиллар давомида ушбу манзил ҳар жиҳатдан чирой очди. Қишлоқ бўлиб «дунёга келган» Нуробод «Обод маҳалла» дастури асосида Ширин шаҳрининг кўркам бир бўлагига айланди. Ширин шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-давлат мактабгача таълим ташкилоти (6-МТТ) ҳам айни дастур доирасида қуриб битказилди.

Муболаға эмас, мазкур таълим-тарбия муассасаси биноси ўзига хос услубда, кўрган кўзни қувонтирадиган янгича меъморий ёндашув асосида бунёд этилган. Лекин юқорида келтирганимиздек, боғчанинг бу кўркига янада файз бахш этадиган болажонлар етарли эмас.

Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси маълумотига кўра, 160 тарбияланувчига мўлжалланган мазкур муассасага ҳозир, бор-йўғи, 56 нафар бола қатнамоқда. Ҳолбуки, Нурободнинг ўзида МТТга қатнаши мумкин бўлган 3 — 7 ёшли ўғил-қизлар 256 нафарни ташкил этса, қўшни Ховос тумани маҳаллаларида ҳам шу ёшдаги болажонлар бор. Негаки, боғча шундай ҳудудда жойлашганки, Ховос туманининг Файзобод қишлоғи билан оралиқ масофа жуда яқин.

Хўш, талаб мавжуд экан ва муҳими, шунга яраша энг замонавий мактабгача таълим ташкилоти қуриб қўйилган бўлса, унда нега ота-оналар фарзандларини 6-МТТга беришмаяпти?

Вилоят мактабгача таълим ташкилотининг ушбу саволга изоҳидан маълум бўлишича, ҳамма гап 6-МТТ ва қўшни Ховос туманидаги айни муассасалардаги бадал тўловлари ўртасидаги тафовутда. Ва яна бир чалкаш масала ҳам борки, бу ҳам бўлса, Нуробод маҳалласи учун қурилган 6-МТТ жойлашган ҳудуд Ховос туманига қарашли. Яъни МТТ Ширин шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфида, биноси эса Ховос туманида жойлашган.

Бу эса бир қарашда ҳар қандай инсонда ғалати таассурот қолдириши табиий. Биз ҳам таажжубланганча маълумотнинг давоми билан танишдик.

Унда келтирилишича, Нурободда бўш жой бўлмаганлиги сабабли боғча Ховос туманида қурилган. Тўғри, электр энергияси, табиий газ таъминоти, уларнинг тўлови ва бошқа масалалар шаҳар ҳамда туман ўртасида, маҳаллий доираларда ўз ечимини топаётгандир. Аммо келтирганимиздек, бир-бирига туташиб кетган икки ҳудуддаги боғчаларда бадал тўловидаги фарқ сезиларли даражада бўлмаслиги керак эмасми?

Яна савол туғилади: хўш, нега Ховос туманида бадал нархи пасту, Ширинда баланд?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги «Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда тегишли Фармонига асосан, Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларига қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига бадал тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилиши белгиланган. Мазкур ҳужжатларга асосан, ушбу ҳудудларда ота-оналар бадал тўлови белгиланган умумий сумманинг 50 фоизини ташкил этади.

Хусусан, Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласи билан деярли бирлашиб кетган Ховос туманининг Файзобод қишлоғида ота-она тўлайдиган бадал пули агар оиладан битта фарзанд 9 соатлик гуруҳларга қатнаса 47 минг 500 сўмга, икки нафар фарзанд учун эса 38 минг 500 сўмдан тўғри келади. Ширин шаҳрида, жумладан, Нурободдаги 6-МТТда ушбу тўловлар мос равишда 183 минг ва 130 минг сўмни ташкил этади. Айни мана шу фарқ сабаб ота-оналар томонидан Ширин шаҳар мактабгача таълим бўлимига қарашли 6-МТТга фарзандларини жойлаштирмаяпти. Қолаверса, чегара ҳудудидаги чекка маҳалла — Нуробод аҳолисининг ижтимоий яшаш тарзи — даромади, бандлиги ҳамда бошқа жиҳатлари қўшни Ховос туманидаги аҳволдан фарқ қилмайди.

Билмадик, эҳтимол, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш масала бордир?! Аммо биз Сирдарё вилоятида ўзимиз дуч келган муаммога эътибор қаратдик.

Ўйлаймизки, Мактабгача таълим вазирлиги бу борада ҳар томонлама мақбул чораларни кўриб, оқилона ечим топса, бу келажагимиз эгалари учун манфаатли бўлади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер