«Янги аср» МФЙда тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратилмоқда
Фарғона туманидаги «Янги аср» маҳалла фуқаролар йиғини вилоятдаги энг йирик маҳаллалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда ҳудуддаги 2520 та оилада 11 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳалари маҳалланинг асосий иқтисодий драйвери бўлиб, бугунги кунда ҳудудда 110 га яқин тадбиркорлик субъекти самарали фаолият юритмоқда.
Ўтган йил давомида маҳаллада 50 та микролойиҳа амалга оширилиб, 100 та юқори даромадли янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса қарийб 60 та истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 400 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган. Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳалар тўлиқ маҳалланинг ўзидаги тадбиркорлар ташаббуси асосида амалга оширилади.
Айни кунларда маҳаллада фаолиятини бошлаган миллий либослар ва дўппидўзлик марказида хотин-қизлар учун 40 та доимий иш ўрни яратилди. Лойиҳа ташаббускори Фазилатхон Ражабова хонадон бекалари учун касаначилик фаолиятини ҳам йўлга қўйиб, буюртма асосида миллий дўппилар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришни мақсад қилган. Шу мақсадда Марғилон шаҳридаги ҳунармандлар маркази билан тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор Дилафруз Давронова миллий пишириқлар ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда. Яқин кунларда фаолиятини бошлаши кутилаётган мазкур цехда 10 нафарга яқин оила бекалари доимий иш билан таъминланади.
— Тадбиркорлар ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллага бириктирилган «Турон банк» АТБнинг Фарғона банк хизматлари маркази томонидан имтиёзли кредит олиш жараёнларига амалий кўмак берилди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шерзод Норматов. — Бу каби ташаббуслар маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Жорий йилда маҳаллага саноатни кенг жорий этиш мақсадида бир неча замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг