“Янги Андижон”да Ипотека маркази иш бошлади

18:48 03 Июль 2023 Жамият
680 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Шу боис, юртимизда тураржой объектларини барпо этиш кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Аммо бу борада аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, фуқаро битта уйни олгунича ўнлаб идораларга қатнаши, бир неча ўн кунлаб вақтини сарфлаши лозим бўлади. “Янги Андижон”да шаҳарчасида ташкил этилган Ипотека маркази бундай оворагарчиликларга барҳам беради. Чунки аҳолини уй билан таъминлашга алоқадор барча ташкилотлар энди битта бинода фаолият олиб боради.

Фото: “Халқ сўзи”

— Мақсадимиз аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратишдан иборат, — дейди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов марказнинг очилиш маросимидаги нутқида. — Эндиликда идоралараро сарсон бўлишга ҳожат йўқ. Ҳужжатларни расмийлаштиришда давлат хизматлари ўзаро интеграция қилиниб, рақамлаштириш тизимидан фойдаланилади.

Айтиш жоиз, Андижон туманининг “Истиқлол” массивидаги 4 минг гектар майдонда қад ростлаётган “Янги Андижон” шаҳарчаси яқин истиқболда 440 минг нафар аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида бунёдкорлик ишлари 10 йил давомида амалга оширилади.

Фото: “Халқ сўзи”

Айни пайтда қурилиш ишларининг биринчи босқичида 121 минг нафар фуқаро учун кўп қаватли бинолар қад ростлади. Шу рақамларнинг ўзиёқ Ипотека марказини ташкил этиш бугунги кун учун жуда зарур эканлигидан далолат бериб турибди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер