Яна бир ўзбек олими АҚШнинг Нью-Йорк фанлар академияси аъзолигига қабул қилинди
Қайсики жамият илм йўлидан бориб, унинг воситаларини тўғри танлаган ҳолда тараққиётини қурган бўлса, юксак чўққиларга эришади. Бунга замонавий дунё гувоҳдир. Мамлакатимизда таълим ва илм-фанга қаратилаётган эътибор сабаб нафақат юртимиз миқёсида, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган ўзбек олимлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Билимли инсон, умрини илм олиш, изланишга бахшида этган ҳар қандай одам эл-юрт олдида ҳамиша эъзозда, юзи ёруғ, мартабаси улуғдир.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети «Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш» кафедраси профессори Бозорбой Беркинов ҳам бу ҳақиқатни ўз ҳаёти ва фаолияти мисолида яққол исботлаб келяпти.
Гап шундаки, илм-фан, маърифат фидойиси, жонкуяр олим АҚШнинг Нью-Йорк фанлар академияси аъзолигига қабул қилинди. Бу хушхабар олимнинг оила аъзолари, яқинлари қатори бутун таҳририятимиз жамоасини ҳам ниҳоятда хурсанд қилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Бозорбой Беркинов узоқ йиллардан буён илмий фаолият билан самарали шуғулланиб келмоқда. Унинг муаллифлигида 10 та монография, 30 та ўқув-қўлланма ҳамда 5 та дарслик, 10 га яқин рисолалари чоп этилган. Шунингдек, у дунёнинг қатор давлатларида бўлиб, ўз мутахассислиги бўйича тажриба ҳамда малакасини оширган. Унинг илмий раҳбарлигида бир нечта иқтисодиёт фанлари номзоди, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) етишиб чиққани эса қувонарли, албатта.
Б. Беркиновни ҳаётидаги яна бир улкан муваффақият билан табриклаб, келгуси илмий-ижодий фаолиятида янги уфқлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг